ЎзА Ўзбек

23.04.2018 18:06 Чоп этиш версияси

Инновацион таълим, рақобат ва сифат

Маълумотларга кўра, 2017 йилда Андижон вилоятида 775 йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Бунинг натижасида 683 нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олган, 50 дан зиёд киши бевақт вафот этган. Йўл-транспорт ҳодисалари таҳлил қилинганда, уларнинг 92,2 фоизи ҳайдовчилар айби билан содир этилгани маълум бўлди.

Бу каби ачинарли ҳолатлар йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли, айниқса, ҳайдовчилар масъулиятини оширишга жиддий эътибор қаратиш зарурлигини талаб этади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 23 февралдаги “Автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори шу йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда.

Ушбу ҳужжатда автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш жараёнида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, транспорт эгаларининг йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш бўйича жавобгарлигини ошириш, ҳайдовчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишда хўжалик юритувчи субъектлар иштирок этиши учун тенг шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, қарорда юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган ҳайдовчилар малака ошириш курсларида ўқиши белгиланган.

Шу ўринда қарорда нима учун айнан юридик шахсларга тегишли транспорт воситалари ҳайдовчиларининг малака ошириши белгиланган, деган саволга изоҳ бериб ўтиш жоиз. Юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситалари ҳайдовчилари бевосита бошқа шахсларга хизмат кўрсатади. Яъни унинг масъулияти шахсий транспорт воситаси ҳайдовчисига нисбатан катта. Шу маънода, кўплаб инсонлар ҳаётига масъул шахснинг малака даражаси юқори бўлиши, у мунтазам равишда малака ошириб бориши мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, қарорда автотранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар, маъмурий жазо муддатини ўтаб бўлгач, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳон топширгунига қадар, албатта, малака ошириш курсида таҳсил олиши ҳам белгилаб қўйилди.

Автотранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш давлат ва нодавлат таълим муассасалари фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган юридик шахслар томонидан амалга оширилиши белгиланган. Андижон вилоятида мазкур йўналишдаги ишлар “Аvtotest Andijon” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилмоқда. Марказ зарур техник восита ва жиҳозлар билан таъминланган. Хусусан, замонавий жиҳозланган 10 аудитория ташкил этилиб, 30 соатлик малака ошириш курси видео ва 3D анимацион роликлари асосида мультимедиа воситаларидан кенг фойдаланилган ҳолда 4 сменада олиб борилмоқда. Ўқиш жараёнига махсус ўқув-услубий қўлланмалар мажмуаси жорий этилган.

Айни кунга қадар марказда 2 мингдан зиёд ҳайдовчи малака ошириш курсини тамомлади.




Жаҳонгир Эгамназаров,
“Аvtotest Andijon” масъулияти чекланган жамияти раҳбари.

ЎзА
5 458