Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.05.2017 20:26 Чоп этиш версияси

Инновацион ғоядан ишлаб чиқаришгача

Инновацион ғоядан ишлаб чиқаришгача Қаршида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Ташаббус – 2017” кўрик-танловининг Қашқадарё вилояти босқичи бўлиб ўтди.

Анъанавий кўрик-танловнинг вилоят босқичида ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва хўжалик юритишнинг бошқа соҳаларида ташаббус кўрсатаётган, мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини янада юксалтириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирок этди.

Танловда тажрибали ишбилармонлар билан бирга, интилувчан ва ташаббускор ёшлар ҳам қатнашди. Улардан бири – Қарши иқтисодиёт касб-ҳунар коллежининг 2-босқич ўқувчиси Нозима Сатторова. У ўтган йили “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан ташкил этилган “Юрт келажаги” республика кўрик-танловининг вилоят босқичида совриндорлар қаторидан жой олган. Ёш тадбиркор атласга чизилган турли кўринишдаги миниатюра намуналаридан сувенирлар тайёрламоқда. Бу турдаги ижод намуналари хорижлик сайёҳларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

– Фаолиятимни янада кенгайтириш мақсадида тижорат банкидан кредит олишни режалаштирганман, – дейди Нозима. – Бу билан 6 тенгдошимнинг бандлиги таъминланади. Миллий анъана ва урф-одатларимиз акс этган миниатюра композициялари чет эллик меҳмонлар орқали бутун дунёга тарқалаётганидан фахрланаман.

Кўрик-танловда банк, лизинг хизматлари бўйича ҳам кўргазмалар ташкил этилди, иштирокчиларга мазкур хизматларнинг афзалликлари хусусида тушунча берилди. Экспортни қўллаб-қувватлаш бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, импортдаги имтиёзлар, электрон декларациялаш тартиблари тўғрисида фикр алмашилди.

Шаҳрисабз туманидаги “Эко парранда” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Муҳиддин Умидов “Йилнинг энг яхши тадбиркори”, Китоб туманидаги “Viget-impeks” фермер хўжалиги раҳбари Усмон Тошев “Йилнинг энг яхши фермери”, шаҳрисабзлик ҳунарманд Азиз Аҳмедов “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” йўналишлари бўйича биринчи ўринни эгаллади ва танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.

– “Йилнинг энг яхши тадбиркори” номинациясида биринчи ўринни оламиз, деб ҳеч ўйламаган эдик, – дейди М.Умидов. – Бу ютуқ зиммамиздаги масъулиятни янада оширади. Паррандачилик фермамизда 70 минг товуқ боқилмоқда. 20 ишчи меҳнат қилаётган корхонамизда ўтган йилдан бошлаб тухум экспортини йўлга қўйдик. Қўшни Афғонистон Республикасига 2016 йилда 107 минг долларлик маҳсулот экспорт қилган бўлсак, жорий йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич 320 минг доллардан ошди. Айни пайтда 10 миллиард 200 миллион сўмга тенг бўлган лойиҳани амалга оширишни режалаштирганмиз. Йиллик қуввати 456 минг жўжа очиришга мўлжалланган замонавий инкубация цехи ва жўжа етиштириш ҳамда 50 минг товуқ боқиш учун қўшимча замонавий объектлар қурилади. Натижада 30 янги иш ўрни яратилади. Қурилиш ишлари аллақачон бошланган мазкур лойиҳа йил охирига қадар ишга туширилади.

“Йилнинг энг ёш тадбиркори”, “Энг яхши тадбиркор аёл”, “Энг яхши инновация лойиҳаси”, “Ёшларга энг кўп иш жойи яратган тадбиркор”, “Энг яхши оилавий бизнес соҳиби”, “Энг масъулиятли ижтимоий шерик”, “Менинг юртим – менинг ифтихорим”, “Энг яхши экспортчи”, “Йилнинг энг яхши маҳсулоти” каби қўшимча рағбатлантирувчи номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Тадбирда Қашқадарё вилояти ҳокими З.Рўзиев сўзга чиқди.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА
4 621






Все о погоде - Pogoda.uz