Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.03.2018 11:13 Чоп этиш версияси

Инновацион фаолият – тараққиёт гарови

Урганч давлат университетида “Ишлаб чиқариш жараёнига илмий ишланма ва технологияларни татбиқ қилиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини ошириш, чекка ҳудудларда яшовчиларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича замонавий сув тозалаш технологиялари ва илм-фан ютуқларининг ўрни ва ҳамкорлиги” мавзусида кўргазмали семинар ўтказилди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Хоразм вилояти кенгаши ҳамда Хоразм Маъмун академияси ҳамкорлигида ташкил этилган семинарда олимлар, вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши аъзолари, вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармалари, "Туямўйин – Урганч" минтақалараро сув қувурларидан фойдаланиш бошқармаси давлат унитар корхонаси ходимлари, фермерлар, тадбиркорлар ҳамда партия фаоллари, депутатлар иштирок этди.

Партия вилоят кенгаши раиси Р.Рўзметов мамлакатимизда олимлар томонидан олиб борилаётган илмий ишланмалар ва инновацион ғояларни ишлаб чиқаришга татбиқ қилиш, вилоятнинг экспорт салоҳиятини ва иқтисодиётини янада юксалтириш ҳамда олий ўқув юртлари инфратузилмасини кучайтириш, талабаларнинг инновацион фаолиятга бўлган қизиқиш ва интилишини қўллаб-қувватлаш, ўқитувчилар ва ходимларнинг инновацион фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Семинарда Хоразм Маъмун академияси ва Урганч давлат университети олимлари томонидан олиб борилаётган илмий изланишлар ва уларни амалиётга татбиқ қилишнинг самарали жиҳатлари ва бошқа мавзулар юзасидан слайдлар ёрдамида маърузалар тингланди.

– Мазкур семинар бугунги кунда вилоятдаги деҳқон ва фермер хўжаликлари ҳамда тадбиркорлар томонидан экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришда учраётган муаммоларни бартараф қилишда илм-фан соҳаси қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканлигини яна бир бор исботлади, – дейди Хоразм вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Б.Қувақов. – Семинар давомида фермерлар кўникмаларини янада бойитди.

Семинар доирасида Хоразм Маъмун академияси олимлари томонидан ташкил этилган инновацион ғоялар кўргазмаси намойиш этилди.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА
8 634