Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.11.2017 18:21 Чоп этиш версияси

«Infolib – 2017» VI Миллий ахборот-кутубхона ҳафталигининг ранг-баранг тадбирлари

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида «Infolib – 2017» VI Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги доирасида ахборот-кутубхона муассасалари мутахассислари ўртасида «Ислом Каримов асарлари билимдони» танловининг мамлакат босқичи бўлиб ўтди.

Ахборот-кутубхона ҳафталигининг бу йилги янгиликларидан бири сифатида қайд этилган мазкур танлов давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январдаги «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида»ги қарорига кўра ташкил этилган бўлиб, Биринчи Президентимиз асарларини кенг тарғиб этиш орқали ёшларни Ватанга садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятлар, анъаналарга содиқ, юксак маънавиятли авлод сифатида тарбиялашни ҳам кўзда тутади.

Танловда Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан сараланган 14 иштирокчи Ислом Каримовнинг ижтимоий-сиёсий мавзуларда яратган асарларини кутубхона фойдаланувчиларига кенг тарғиб қилиш, библиографик шарҳ ўтказиш бўйича малакасини синовдан ўтказди.

Атоқли давлат арбоби, таниқли ёзувчи Шароф Рашидов юртимизни жуда мураккаб ва оғир йилларда бошқариб, унинг тараққиёти йўлида фидокорона хизмат қилган, ижтимоий ва ижодий фаолияти билан миллий адабиётимиз ва маданиятимиз ривожига катта ҳисса қўшган. Комилжон Отаниёзов эса қисқа умри давомида мумтоз мусиқа санъатимизни янги босқичга кўтариб, ўзбек маданияти, ўзбек номини бутун дунёга тараннум этган. Эл суйган шоир ва адиб, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидовнинг ижодий мероси ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда жуда қимматли.

Халқимизнинг ана шу фарзандлари хотирасига бағишлаб ҳафталик доирасида ташкил этилган адабий-мусиқий кечада Ўзбекистон давлат консерваторияси, Ёзувчилар уюшмаси вакиллари, ёш китобхонлар, ахборот-кутубхона муассасалари мутахассислари иштирок этди.

Тадбир жойи миллий руҳда безатилган. Шамлар ёғдусида сирли кўринаётган манзарада ўтмиш ва бугун қоришиб кетгандек гўё. Ҳаёт фалсафаси, умр қиймати, меҳр-муҳаббат, Ватан ҳақидаги гўзал сатрларга мумтоз наволаримиз жўр бўлмоқда. Комилжон Отаниёзовнинг тасмаларга муҳрланган соҳир овози эса қалбларга ором бермоқда. Узоқ оқшомга қадар давом этган бу кечада бирон иштирокчи бўлмадики, назмхонликда қатнашмаган бўлса.

Ёшларни китоб мутолаасига ўргатишнинг билим ва тажрибадан ўтган ўзига хос йўл-йўриқлари бор. Ҳафталик доирасида ўтказилаётган семинарлар, тренингларда нафақат ахборот-кутубхона муассасасалари мутахассислари, педагоглар, балки ота-оналар ҳам улардан хабардор бўлмоқда.

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
3 467






Все о погоде - Pogoda.uz