Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.02.2018 20:36 Чоп этиш версияси

Қинғир ишнинг қийиғи...

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод тумани судида босқинчилик, хавф остида қолдириш, жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш билан боғлиқ жиноий иш кўриб чиқилди.

2017 йил 1 октябрь куни соат тахминан тунги 02:00 да С.К. спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолатда, босқинчилик йўли билан ўзганинг мол-мулкини талон-тарож қилиш мақсадида Тошкент шаҳар, Миробод тумани, 8 март берк кўчасида жабрланувчи А.Г.нинг бош ва юз қисмларига зарба бериб, судланувчилар Д.Р., Ш.С. ва Б.Н.нинг мазкур жиноятнинг олдини олиш учун қилган ҳаракатларига қарамай, жабрланувчини ҳушсиз ҳолга келтиради. Шундан сўнг унинг чўнтагида бўлган 45000 сўм миқдоридаги пулни босқинчилик йўли билан қўлга киритиб, воқеа жойидан яширинади.

Орадан тахминан 20 дақиқалар ўтиб, Д.Р. ва Ш.С. воқеа жойига келиб, А.Г. ҳушсиз ётганидан фойдаланиб, унинг умумий нархи 2500000 сўм бўлган иккита уяли алоқа телефонини сим карта ва флешкаси билан бирга, яширин равишда талон-тарож қилиш йўли билан эгаллаб, воқеа жойидан яширинган.

Ўз навбатида, судланувчи Д.Р., Ш.С. ва Б.Н. мазкур жиноят ҳақида тегишли тартибда хабар бермай ёки жиноятни яшириб, жабрланувчи А.Г.нинг соғлиги ва ҳаётини хавф остида қолдириб, унга ёрдам бермай воқеа жойидан яширинган.

Суд мажлисида жиноят иши ҳужжатлари ўрганиб чиқилди, судланувчи, жабрланувчи гувоҳнинг кўрсатмалари эшитилди. Судланувчилар қилган жиноятига иқрор бўлиб, қилган ишидан қаттиқ пушаймонлигини билдирди, суддан енгиллик беришни сўради.

Шунингдек, судланувчилар Д.Р. ва Ш.С. яшайдиган маҳалладан фаоллар иштирок этиб, уларнинг адашганини, билиб-билмай жиноятга қўл ургани, уларни бу йўлдан қайтариш, қайта тарбиялаш мумкинлиги ва буни маҳалла фаоллари зиммасига олишини билдирди.

Суд ҳукми билан С.К. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми “г” банди билан айбли деб топилиб, унга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш, Д.Р., Ш.С. ва Б.Н.га Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Байрам Айтмуродов, ЎзА
9 914