ЎзА Ўзбек

16.05.2019 14:32 Чоп этиш версияси

Илмий ишлар ҳақиқатан илмийми?

Илмий ишлар ҳақиқатан илмийми?

Инсоният тарихига назар ташласак, барча давр ва ҳудудларда тараққиётнинг асосида илм ва маърифат, инқирозу заволнинг негизида лоқайдлик, саводсизлик турганини кўрамиз. Шу маънода айни чоғда давлатимиз раҳбари бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотларда таълим ва фанни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани диққатга сазовор. Зотан, XXI асрга келиб илм-фан тараққиёти жамиятнинг ривожланганлик даражасини, давлатнинг жаҳон ҳамжамиятида тутган ўрнини белгилайдиган асосий омиллардан бири эканини яна бир бор исботламоқда.

Агар ХХ аср бошларида мамлакатда таълимни ривожлантириш маданий инқилобнинг вазифаси, фан ва таълим эса маданият соҳасига мансуб бўлса, бугун фан ва таълимни ривожлантириш жамиятнинг эртанги кунини, давлатнинг хавфсизлигини таъминловчи стратегик соҳага айланди. Шу сабабли ХХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб дунёнинг қудратли мамлакатлари ўртасидаги мусобақа фундаментал фан соҳаларига ҳам кўчди. Бу даврда ривожланган мамлакатлар томонидан фанга, айниқса, фундаментал тадқиқотларга сарфланаётган жуда катта маблағлар, халқ таъбири билан айтганда “буромадга яраша даромад” бера бошлади. Агар 1988 йили дунё бўйича илмий тадқиқотларга сарфланган маблағлар 450–500 миллиард доллар (жумладан, АҚШда 140 миллиард доллар)ни ташкил қилган бўлса, 2007 йилдан 2013 йилгача бу ҳаражатлар 31 фоизга ўсиб, 1,478 триллион, 2016 йили эса бу кўрсаткич 1,7 триллион долларга етди. Бу маблағнинг 28,1 фоизи АҚШ, 19,6 фоизи Хитой, 19,1 фоизи Европа Иттифоқи ва 10 фоизи Япония ҳиссасига тўғри келади. Ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)га нисбатан фанга ажратилган маблағ бўйича Корея Республикаси ва Исроил давлати етакчилик қилмоқда. Уларда фанга сарфланаётган маблағлар ЯИМнинг 4 фоизидан ошиб кетди. Бу жараён Ҳиндистон, Бразилия ва Туркияда ҳам жадал ривожланмоқда.

ЮНЕСКО маълумотига кўра, дунёда олимлар сони 2007 йилга нисбатан 20 фоизга ошди ва 2014 йили 7,8 миллион, 2016 йили эса 8 миллион кишига етди. Ер юзида шу пайтгача ҳеч қачон бу қадар кўп олим фаолият юритмаган эди. Бу олимларнинг 22 фоизи Европа Иттифоқида, 19 фоизи Хитойда, 16,7 фоизи АҚШда фаолият олиб бормоқда. Олимлар сони, давлатнинг илмий тадқиқотларга ажратаётган маблағи ортиши билан илмий ишларнинг самарадорлиги ҳам ошиб бормоқда. Бу табиий ҳол, чунки ҳар қандай давлат, хусусий компания ёки тадбиркор сарфланаётган маблағга яраша даромад олишни истайди.

Ўзбекистонда замонавий фаннинг ривожланиши ХХ асрда бошланди ва шу даврда жуда катта тараққиёт йўлини босиб ўтди. Бу даврда ўзига хос илмий мактаблар яратилди. Аммо мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб иқтисодий ҳолатимиз сабаб илмий тадқиқотларга ажратиладиган маблағлар камайиб борди. Бу, албатта, илмий ишларнинг сифатига таъсир этмасдан қолмади. Кейинги икки-уч йил давомида гарчи бу соҳага ҳам эътибор кучайган бўлса-да, аммо тажриба ва таҳлиллар йиллар мобайнида тўпланиб қолган муаммоларни фақат кўп маблағ ажратиш билангина ҳал этиб бўлмаслигини кўрсатмоқда.

Масалан, ўтган давр мобайнида гуманитар фанлар соҳасида, йирик тадқиқотларни амалга оширишга қаратилган бирор лойиҳа кун тартибига қўйилмади. Ваҳоланки, жамиятимиз бошдан кечираётган чуқур модернизация жараёнлари яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган илмий прогнозларни талаб қилади. Агар шундай жараёнларни бошдан кечирган анъанавий жамиятлар тажрибасига эътибор қаратсак, уларнинг аксариятида замонавий цивилизация қадриятларининг асосий тамойиллари қарор топган, эркин, чекланмаган ижтимоий фаолият ҳуқуқига эга бўлган, мустақил ва озод шахс ҳақидаги ғоялар тантана қилиши билан бирга, айрим ҳолларда инсон табиатининг азалий гуманизми, инсоннинг чексиз маънавий ва ижтимоий комилликка интилиши ҳақидаги орзуларнинг барбод бўлганлигини ҳам кўриш мумкин. Зеро, модернизация жараёнида нафақат жамиятдаги ижтимоий ва сиёсий муносабатлар ўзгаради, балки инсон ҳаётининг маънавий, ижтимоий пойдевори ҳам чуқур трансформацияга учрайди. Модернизация оқибатида жамият ўзининг эски кўпсифатлилигини йўқотиб, тотал бир хил шаклга келиши, бундай маконда “пул эраси” — рост ва ёлғон, ахлоқ ва ахлоқсизлик, ҳалол ва ҳаром каби тушунчалар ўртасидаги фарқни билмайдиган ягона тартиб тантана қилиши мумкин. Зеро, бундай жамиятда инсоннинг иқтисодидан бошқа барча маълум мотивациялари бирдай қадрсизланади ва ҳаётий қарашларда кескин бурилиш юз беради. Фойда, бойлик, пул каби тушунчалар ахлоқ, эзгулик каби азалий тушунчаларни инсон ҳаётидан сиқиб чиқаради. Афсуски, бу жараённинг айрим белгилари бугунги ўзбек жамиятида ҳам намоён бўлмоқда.

Демак, ижтимоий-гуманитар фанлар олдида турган долзарб вазифалардан бири — халқимизнинг бой тарихини, илғор мамлакатлар тажрибасини ўрганиш асосида жамиятни модернизациялаш жараёнида юз бериши мумкин бўлган ижтимоий ва маънавий-ахлоқий муаммоларни ҳал этишнинг илмий асосланган методларини ишлаб чиқишдан иборат. Бу ишни муваффақиятли амалга ошириш, кўп жиҳатдан, илмий тадқиқотларни молиялаштириш, режалаштириш ва ташкил қилишнинг самарали механизмларини яратиш, шунингдек, олимларнинг илмий салоҳиятига боғлиқ. Масалан, Ўзбекистонда тарих соҳасида, сўнгги йилларда яратилган асарлар кўпчилик олимларимизнинг юқори илмий салоҳиятидан далолат беради. Аммо илмий тадқиқотларни режалаштириш, олимлар фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш ва шунга мос рағбатлантириш механизмининг амал қилиши ҳақида бундай деб бўлмайди. 

Илмий тадқиқотларни молиялаштиришнинг мавжуд грант тизимининг асосий камчиликларидан бири (тарих фани мисолида) мақсадли илмий тадқиқот мавзуларининг етарли даражада шакллантирилмагани ва илмий тадқиқотлар самарадорлигини аниқлаш механизмининг сустлигида намоён бўлмоқда. Зотан, мустақиллик йилларида давлат томонидан ажратилган маълум маблағлар эвазига амалга оширилган илмий тадқиқотлар натижаларининг жамият, фан ва таълим учун фойдалилик даражасини белгилашнинг, олимлар фаолиятини баҳолашнинг шаффоф механизми яратилмади. Кўп йиллар давомида турли лойиҳаларга асосан бир неча олимнинг доимий раҳбарлик қилиш ҳоллари кутилган самарани бермади. Фанни молиялаштириш ҳам давр талабларидан ортда қолиб кетди. Натижада, ижтимоий фанларга эътибор сусайди, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси таркибидаги Фалсафа ва ҳуқуқ институти тарқалиб кетди, Тарих институтида эса 52 нафар олим фаолият юритмоқда (таққослаш учун: масалан, 3 миллион кишидан кўпроқ аҳолига эга Мўғулистоннинг Фанлар академияси таркибидаги Тарих институтида 120 нафардан зиёд олим, шунингдек, Фалсафа, жамият ва ҳуқуқ институтида ҳам яна шунча илмий ходим фаолият юритади).
Олимлар меҳнатини баҳолаш ва рағбатлантиришнинг самарали механизми яратилмагани шунга олиб келдики, даъвогар учун илм, кашфиёт ёки ихтиро эмас, илмий даража олиш асосий, ягона мақсадга айланиб қолди. Бу олимлар йиллар давомида на фан, на амалий педагогик фаолият учун арзигулик ҳеч нарса қилмади, фақат уларга қачонлардир олинган илмий даража ва унвонларига давлат бюджетидан юқори маош тўлангани қолди, холос. Ҳисобот учун йилига турли тўпламларда чоп этиладиган битта-иккита мақоланинг эса кўпчилик ҳолларда илмий аҳамияти жуда паст. Бу ҳол олимлар фаолияти самарадорлигини баҳолайдиган ва уни рағбатлантирадиган шаффоф ва таъсирли механизм яратилишини тақозо этади. Зеро, пухта тайёргарлик ва етарли малакага эга бўлмасдан фан соҳасига кириб келаётган тадқиқотчилар, фақат илмий даража илинжида ёзилаётган илмий ишлар сони ҳозир ҳам камайгани йўқ. 

Масалан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий Аттестация комиссияси (ОАК) бюллетенининг 2018 йил 3-сонида эълон қилинган диссертация тадқиқотлари олиб бораётган фан доктори (DSc) ва фалсафа доктори (PhD) диссертациялари мавзулари тўғрисидаги маълумотлар бугунги илмий тадқиқотларнинг йўналиш ва мавзуларини ҳамда тадқиқотчининг илмий салоҳиятига қўйилаётган талабларни жиддий қайта кўриб чиқиш лозимлигини кўрсатади. Чунки айрим тадқиқот мавзулари, масалан, “Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларининг ривожланиш тарихи” (тадқиқотчи В.Т.Ишқувватов), “Туркистоннинг электрлаштириш тарихи (XIX асрнинг охири – ХХ асрнинг биринчи чораги)” (тадқиқотчи Г.З.Саидбобоева), “Ўзбекистоннинг Фарғона водийси вилоятларида аҳолининг ижтимоий ҳимоя¬лаш жараёни (1985–2015 йй.)” (тадқиқотчи Э.А.Раҳмонов) кабиларни шакллантиришда ўзбек тили қоидаларига етарли риоя қилинмаганлиги сабабли мавзулар ғализ чиққан бўлса, бошқа бир қатор, масалан, “Туркистонда янги экин навларининг тарқалиши ва улардаги ўзгаришлар (XIX асрнинг охири – ХХ асрнинг бошлари)” (тадқиқотчи Ж.Я.Ҳаитов), “Диний ксенофобиянинг тарихий илдизлари ва бартараф этиш усуллари” (тадқиқотчи А.Р.Носиров), “Ягона халқ хўжалигининг халқаро алоқаларида Ўзбекистоннинг иштироки (қишлоқ хўжалиги мисолида, 1946–1991 йиллар)” (тадқиқотчи Н.Ф.Чориев) каби мавзулар ҳам илмий, ҳам мантиқий жиҳатдан жуда эски ва тор бўлиб, тадқиқотчи нима демоқчи эканлигини тахминан тушуниш мумкин, холос. 
Афсуски, ОАК рўйхатидан ўтган бундай ғализ ҳамда мазмунан бир-бирини такрорловчи мавзулар кўплаб топилади.

Яна бир муаммо — Ўзбекистоннинг мус¬тақиллик даври тарихи билан боғлиқ. Бу давр тарихига бағишланган аксарият илмий ишлар мавзусида тарихий жараёнларни таҳлил қилишдан кўра уларнинг фақат ижобий жиҳатларини очиб беришга интилиш яққол сезилиб туради. Масалан, А.В.Норбековнинг докторлик диссертацияси мавзуси “Ўзбекистонда қишлоқ маданий муассасаларининг ривожланиши ва аҳолини маънавий тарбиялашдаги роли (1989–2000 йй.)”, деб номланади. Ваҳоланки, айнан шу йиллари хусусийлаштириш баҳонасида қишлоқлардаги маданият муассасаларининг асосий қисми йўқ бўлиб кетгани бугун ҳеч кимга сир эмас.

Тадқиқот мавзуларини шакллантиришдаги бундай ҳолатлар илмий ишларнинг сифати ва самарадорлигига ҳам таъсир этмасдан қолмайди, албатта. Сўнгги йилларда айрим илмий ишларда муаммони очиб бериш, илмий таҳлил қилиш ва хулоса чиқаришдан кўра, тарихий воқеалар ва жараёнларнинг баёни билан чекланиш, яъни воқеанавислик ҳоллари кўпаймоқда. Айрим илмий ишларнинг тилида илмийликдан кўра кўпроқ публицистикага мойиллик сезилиб туради. Ўз навбатида, мукаммал илмий таҳлилдан ҳоли ишларнинг жамият ва фан равнақи учун фойдалилик даражаси, улардан кутилаётган илмий самара ҳам чекланиб қолади.

Бугун дунёнинг илғор мамлакатлари интеллектуал-ижодий иқтисодиётга ўтиб бораётган шароитда ривожланган мамлакатлар қаторидан ўрин олиш, халқимизнинг муносиб яшаш даражасини таъминлаш учун ёшларимизда креатив фикрлаш, тасаввур, ташаббус ва лидерлик каби сифатларни ривожлантириш билан бирга глобал дунёда маррани аниқ белгилаб олиш, миллий ўзликни теран англаш учун бой тарихимизни ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Шундай шароитда мамлакатнинг илмий-ижодий имкониятларини жадал ривожлантириш талаб этилади. Бунга эришиш учун эса илмий тадқиқотларнинг сифати ва самарадорлигини кескин ошириш, кечаги, ҳатто бугунги кун талаби эмас, эртанги кун — истиқбол билан ҳисоблашиш, илмий изланишларни шунга йўналтириш зарур бўлади.

Шуҳрат ЭРГАШЕВ,
тарих фанлари номзоди
манба: “Миллий тикланиш” газетаси

ЎзА
3 726