Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.09.2017 17:17 Чоп этиш версияси

Илгари очилмай қолган 41 жиноят фош этилди

Тошкент вилояти ички ишлар бошқармасида жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва содир этилган жиноятларни фош этиш борасида амалга оширилган ишларга бағишланган брифинг ўтказилди.

Вилоят ИИБ тергов бошқармаси ва прокуратура ходимлари томонидан берилган маълумотларга кўра, жорий йил август ойида ҳудудда 488 жиноят аниқланган. Илгари содир этилиб очилмасдан қолган жиноятлардан 41 таси фош этилган. Суд ва терговдан қочиб юрган 113 нафар қидирувдаги шахс қўлга олинган.

– Профилактик тадбирлар доирасида маҳаллалар, корхона-ташкилот ва таълим муассасаларида ташкил этилаётган очиқ мулоқот ва учрашувлар юксак самаралар бермоқда, – дейди вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи М.Рашидов. – Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳисобида турган фуқаролар ва уларнинг оила аъзолари билан суҳбатлар ўтказилди. Бунинг самарасида вилоятда ҳуқуқбузарликларнинг кескин камайишига эришилмоқда. Оила ва турмуш муносабатлари доирасидаги яраштириш комиссияларида 772 оиладаги нотинчликка барҳам берилиб, 346 оила ажрашиб кетишининг олди олинди.

Вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш, тезликни ошириш, одам ташиш ва телефондан фойдаланиш қоидасини бузиш каби 9 минг 600 дан зиёд йўл ҳаракати қоидабузарлиги аниқланиб, ушбу ҳолатлар юзасидан маъмурий баённомалар тузилди.

Брифингда мутахассислар томонидан вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган ишлар хусусида ҳам маълумот берилди. 2016-2017 ўқув йилида вилоятдаги 871 умумтаълим мактаби, 128 акдемик лицей ва касб-ҳунар коллежида ўтказилган давомат тадбирлари натижасида дарсга қатнашмаган ёшлар, уларнинг ота-оналари билан назоратсизлик, ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик ва ўғил-қизларни турли салбий таъсирлар домидан асраш бўйича суҳбатлар ўтказилди.

Жойларда ўзини ўзи бошқариш органлари, маҳалла фаоллари профилактика инспекторлари билан биргаликда ёшлар билан кўпроқ мулоқот ўтказиш, носоғлом турмуш кечираётган оилаларни ўрганиш, муаммоларини ечиш учун амалий кўмак беришга эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
3 051






Все о погоде - Pogoda.uz