Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.02.2018 15:02 Чоп этиш версияси

Илғор ва долзарб ишланмалар танлови

Илғор ва долзарб ишланмалар танлови
Сирдарёлик Ўғилой Абдураҳмонова узум данагидан ёғ, пўстлоғидан пектин моддасини ажратиш технологиясини яратган. Қорақалпоғистонлик Гулистон Оразимбетова маҳаллий хом ашё материалларидан сульфатбардош цемент олиш бўйича тадқиқот олиб боради. Тошкентлик Зоҳида Аҳмадхўжаева раҳбарлик қилаётган "Root extract" компаниясида қизилмия ўсимлиги илдизидан тайёрланган маҳсулотларга хорижда косметология, фармацевтика, тиббиёт каби соҳаларда эҳтиёж катта. Андижонлик Одинахон Ҳасанова қор ва ёмғир сувларидан самарали фойдаланиш аккумуляция қурилмасини ихтиро қилган.

Пойтахтимизда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда мазкур қўмита қошидаги Ихтирочи аёллар уюшмаси томонидан ташкил этилган "Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси" биринчи танловининг якуний босқичи ана шундай ранг-баранг ғояларга, илмий изланишларга, эзгу ташаббусларга бойлиги билан аҳамиятли бўлди. 

3 (1).JPG

Мамлакатимизда хотин-қизларга доимий эъзоз ва эътибор кўрсатиш, уларнинг оғирини енгил қилиш, доимий қўллаб-қувватлаш, кучли ижтимоий ҳимоялаш масаласи давлатимиз сиёсатида устувор ўрин эгаллайди. Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони бу борадаги эзгу ишларни замон руҳи асосида йўлга қўйиш имконини бермоқда. 

Илк марта ўтказилаётган "Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси" танлови ўз атрофига юртимиз иқтисодиёт тармоқларига ўз техник лойиҳалари, рационализаторлик таклифлари, инновацион ишланмаларини жорий этиш мақсадида изланаётган кўплаб олималар, докторантлар, иқтидорли талаба, ўқувчи қизлар, ихтирочилар, рационализатор, муҳандис, конструктор, дастурчи, шифокор, тадбиркор аёлларни тўплади. 

10.JPG

Танловда "Энг яхши ихтиро", "Энг яхши фойдали модель", "Энг яхши саноат намунаси", "Энг яхши дастур ва маълумотлар базаси", "Энг яхши инновацион лойиҳа", "Энг самарали инновацион лойиҳа" каби 11 номинация бўйича ғолиблар аниқланади. Ғолибликни қўлга киритган лойиҳа муаллифлари билан ишланмаларни амалиётга кенг жорий этиш бўйича мақсадли иш олиб борилади. Шунингдек, корхоналарда самарали ишлаб чиқаришни йўлга қўйишда ихтирочи аёлларнинг илмий салоҳиятидан янада кенгроқ фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилади. Олий ўқув масканлари, илмий-тадқиқот институтлари, илмий-ишлаб чиқариш марказлари олимлари ва саноат корхоналарининг етакчи мутахассислари иштирокида "устоз-шогирд" тизими асосидаги ҳамкорлик янада кучайтирилади. Хотин-қизлар қўмитаси томонидан махсус ўқувлар, семинарлар, малака ошириш курслари, маҳорат сабоқлари ташкил этилиши кўзда тутилган. 

Архитектор Гавҳар Дурдиева Хоразм Маъмун академиясида катта илмий ходим бўлиб ишлайди. Тадқиқотчи қўҳна обидалар умрбоқийлигининг сирларини, техник тафсилотларини ўрганиб келмоқда. Опа кўп йилдирки, "Ўзбекистон меъморий обидаларининг барқарорлигини таъминлаш бўйича мониторинг олиб бориш ва улар бўйича маълумотлар базасини яратиш" инновацион лойиҳаси устида изланади. 

– Мен тақдим этаётган лойиҳа юртимиз тарихий меъморий ёдгорликларида қўлланилган анъанавий усулларнинг фанга номаълум томонларини аниқлаш, уларнинг турли параметрлар бўйича маълумотлар базасини яратиш, бебаҳо меросимизни сақлаш ва таъмирлаш методологиясини такомиллаштиришдан иборат, – дейди Г.Дурдиева. – Мазкур лойиҳа натижаларининг аҳамияти архитектура ва қурилиш ташкилотлари фаолиятида, қадимий шаҳарларни реконструкция қилиш бош режаларини ишлаб чиқишда, архитектура ва шаҳарсозлик соҳаси фанларини ўқитишда кенг қўлланилади. 

Танлов учун тақдим этилган лойиҳалар Республика экспертлар кенгаши томонидан кўриб чиқилади. Энг муносиб деб топилган ишланма муаллифлари жорий йилнинг 20 февраль куни "Туркистон" саройида тақдирланади. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева сўзга чиқди.

Назокат Усмонова, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
11 891