Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.10.2017 15:13 Чоп этиш версияси

Иккинчи сектор газ, уй-жой, йўл қурилиши билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилмоқда

Президентимизнинг жорий йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан вилоят, туман ва шаҳарларда ташкил этилган секторларда ҳокимлар, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати ҳудудий органлари раҳбарлари бошчилигида ҳудудни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Самарқанд шаҳри ҳудуди ҳам тўрт секторга бўлиниб, ҳар бир секторда алоҳида чора-тадбирлар дастури асосида иш олиб борилмоқда.

Мазкур тузилмалар томонидан уй-жой, коммунал ва йўл хўжалиги, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, намунавий маҳалла ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларини шакл­лантириш, жойлардаги мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда ҳал этиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда. Ижтимоий муҳофазанинг манзиллилигини, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари ва бошқа ижтимоий соҳаларнинг самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга амалий кўмак берилаётир. Шунингдек, ҳудудда тинчлик-осойишталик барқарорлигига эришиш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар юзага келишининг олдини олишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа идоралар билан ҳамкорликда олиб борилаётган профилактик тадбирлар аҳамияти катта бўлмоқда.

Бундай фаолият самарасини Самарқанд шаҳар прокурори бош бўлган иккинчи секторда ҳам кўриш мумкин. 76 маҳалла, 7 хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати, 40 дан ортиқ таълим муассасаси, 5 шифо маскани ва бошқа корхона-ташкилотлар бўлган ҳудудда соҳалар бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, барча объектларнинг паспорти тайёрланган.

– Биринчи навбатда хонадонма-хонадон юриб, аҳоли билан мулоқот қилиб, уларнинг таклифларини эшитаяпмиз, муаммо ва камчиликларни ёзиб оляпмиз, – дейди Самарқанд шаҳридаги иккинчи сектор раҳбари, шаҳар прокурори Б.Облоқулов. – Худди шу тартибда ҳудуддаги корхона-ташкилотлар ҳам ўрганиляпти ва шу асосда йўл харитаси тузилиб, ҳар бир муаммога аниқ ечим топилмоқда. Маҳаллаларда аҳолини уй-жой билан таъминлаш масаласи энг долзарб экани туфайли фуқароларга бу борада ҳуқуқий ёрдам бериб, ҳокимлик ва бошқа идораларга мурожаат қиляпмиз.

Жойлардаги ўрганишлар давомида Қўшҳовуз маҳалласи аҳли хонадонларида табиий газ босими пастлигидан шикоят қилган эди. Сектор ишчи гуруҳи ва мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ушбу масала қисқа фурсат ичида ҳал этилди.

Илгари Самарқанд тумани таркибида бўлган Қир маҳалласи Самарқанд шаҳрига қўшилганидан кейин 485 хонадондан аксариятида кадастр ҳужжатларини тайёрлашга эҳтиёж туғилди. Ҳозир шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси ходимлари томонидан уй-жойлар инвентаризациядан ўтказилмоқда. Ушбу тадбир якунлангач, белгиланган муддатларда хонадон эгаларига тегишли ҳужжатлар тақдим этилади.

Ҳудудни ўрганиш ҳамда аҳоли билан мулоқот чоғида маҳаллалардаги ички йўлларнинг таъмирталаблиги ҳам муҳим муаммо сифатида кўтарилди. Шундан келиб чиқиб, айни пайтда ишчи гуруҳ томонидан 2018 йилда йўлларни сифатли таъмирлаш бўйича йўл харитаси ишлаб чиқилмоқда.

Сектор фаолиятида аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳар ой якунида маҳаллаларда вазият таҳлил этилиб, содир этилган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни келтириб чиқарган омиллар ўрганилган ҳолда, келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш чоралари кўрилмоқда. Ҳафтанинг пайшанба куни ички ишлар идоралари ходимлари томонидан маҳаллаларда профилактика тадбирлари ўтказилмоқда. Оилавий ажримлар ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида сайёр суд мажлисларини маҳаллаларда ўтказиш йўлга қўйилди. Ҳудудда жамоатчилик назорати масканлари фаолият бошлади.

Вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида маҳаллалар ва таълим муассасаларида спорт тўгараклари кўпайтирилиб, мунтазам равишда мусобақалар ташкил этилаётир.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
2 961






Все о погоде - Pogoda.uz