Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.09.2017 22:33 Чоп этиш версияси

Икки қардош халқ вакилларининг учрашуви

Икки қардош халқ вакилларининг учрашуви
Андижон вилояти Хўжаобод туманидаги “Дўстлик” чегара мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Андижон вилояти ҳамда Қирғизистон Республикаси Ўш вилояти вакилларининг учрашуви бўлиб ўтди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоевнинг таклифига биноан 5-6 сентябрь кунлари ушбу мамлакатда давлат ташрифи билан бўлди. Ташриф доирасида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш истиқболлари, мамлакатларимизнинг чегараолди ҳудудлари алоқаларини фаоллаштириш каби халқларимиз манфаатларига хизмат қиладиган қатор келишувларга эришилди.

Қирғизистон Республикасидан ташриф буюрган меҳмонлар давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, мамлакатимизда истиқомат қилаётган қирғиз миллатига мансуб юртдошларимиз, кенг жамоатчилик ва ёшлар иштирокида карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентлари учрашувидан кейин ташкил этилган мазкур тадбирда Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмонов, Ўш вилояти губернатори Т.Сарибашев, Ўш шаҳри мэри А.Қадимбоев халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталари қадим тарихга эга бўлиб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ушбу ташрифи икки давлат ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, яқин қўшничилик муносабатларини юқори босқичга кўтаришда янги саҳифа очганини таъкидлади.

Давлат раҳбарлари учрашувида эришилган келишувлар асрлар давомида ёнма-ён яшаб келаётган, тили, дини ва дили бир икки қардош халқни беҳад қувонтирди.

10.JPG

– Мен қирғиз миллатига мансуб Ўзбекистон фуқаросиман ва бундан фахрланаман, – дейди Хўжаобод туманидаги 10-умумтаълим мактаби қирғиз тили ўқитувчиси Хонойим Арзиева. – Қирғизистонда қариндошларим кўп. Биз асрлар давомида қўшни бўлиб яшаганмиз, Қирғизистонга қиз бериб, қиз олганмиз. Кейинги йилларда улар билан борди-келди қилишда айрим қийинчиликлар юзага келган эди. Халқларимизни янада яқинлаштиргани, ўзаро алоқаларимизни ривожлантиришда кенг имкониятлар очгани учун Президентимиз Шавкат Мирзиёевдан чексиз миннатдормиз. Ўзбекистонимизда турли миллат вакилларининг ўз тили, маданияти, урф-одат ва анъаналарини ривожлантириши учун барча шароит яратилган. Шундай бағри кенг, озод ва обод юртда яшаётганим учун Яратганга шукроналар айтаман. Дўстлигимиз абадий бўлсин.

– Бугунги учрашув икки қўшни халқ ўртасидаги ҳақиқий дўстлик байрамига айланиб кетди, – дейди Қирғизистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, “Ўш” халқаро альманахи бош муҳаррири Салима Шарипова. – Мана шу кунни халқларимиз кўп йиллар кутиб яшади. Ўзбекистон Президентининг ташаббуси билан энди қўшничилик муносабатларимиз, ҳамкорлигимиз янада юқори босқичга кўтарилишига ишонамиз. Бундан икки халқ ҳам фақат наф кўради.

– Мен уч марта Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши депутатлигига сайланганман, – дейди ўшлик меҳнат фахрийси Муқамбек Алиқулов. – Халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталари янгича мазмун касб этаётганидан бошимиз кўкка етмоқда.

– Вилоятимизда қирғиз миллатига мансуб аҳоли кўп, – дейди Андижон вилояти Қирғиз миллий маданий маркази раҳбари Обиджон Носиров. – Тангрига шукр, бағри кенг ва обод Ўзбекистонда яшаймиз. Миллий анъаналаримизни ривожлантириш, она тилимизда ўқиш учун барча шароит яратилган. Бугунги кунда вилоятимиздаги 20 дан ортиқ умумтаълим мактабида қирғиз тили ўқитилади, Андижон давлат университети филология факультетининг қирғиз тили ва адабиёти йўналишида 70 дан ортиқ ёш таҳсил олмоқда. Икки қардош халқ ўртасидаги қўшничилик муносабатлари янада ривож топаётганидан, айниқса, биз жуда хурсандмиз. Бунинг учун давлатимиз раҳбаридан беҳад миннатдормиз.

Учрашув якунида бадиий жамоалар, ёш санъаткорлар иштирокида "Дўстлигимиз абадий бўлсин!" деб номланган концерт дастури намойиш этилди. 

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат), ЎзА
2 232






Все о погоде - Pogoda.uz