ЎзА Ўзбек

11.03.2018 09:43 Чоп этиш версияси

ИИББдан яхши хабарлар: Тошкентда...

ИИББдан яхши хабарлар: Тошкентда...
1. Пойтахт кўчаларидаги тирбандликларга мотоциклли хизмат ходимлари зудлик билан етиб бормоқда.

2. «Хавфсиз шаҳар» аппарат-дастурий комплекси имкониятлари ишга солиниб жорий йилнинг январь, февраль ойларида Тошкентда жиноятчилик 43,7 фоизга камайишига эришилди.

3. Пойтахт кўчалари, маҳаллаларида ўрнатилган видеокамера жиноятларни фош этишда асосий восита бўлмоқда.


Кеча Ички ишлар вазирининг ўринбосари – Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи Рустам Жўраев оммавий ахборот воситалари ходимлари билан очиқ мулоқот ўтказди.

Мулоқот давомида тараққий этаётган пойтахт хавфсизлигини таъминлаш борасида барча имкониятлар ишга солинаётгани қайд этилди. Пойтахтда ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармалари ташкил этилди. Фуқароларнинг энг муҳим муаммоларини ҳал этиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятларга тезкор чоралар кўришни таъминлаш билан боғлиқ ишлар уларнинг алоҳида назоратида. Шунингдек, ташкил этилган 73 та ички ишлар бўлими зиммасига жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишни амалга ошириш учун жавобгарлик юклатилган.

Жиноятларга чоралар кўриш ва уларни фош этишда тезкорлик ва мувофиқлашган ҳамкорликни таъминлаш мақсадида «Хавфсиз шаҳар» аппарат-дастурий комплекси имкониятларидан кенг фойдаланилмоқда.

Бундай чоралар натижасида жорий йилнинг январь, февраль ойларида Тошкентда жиноятчилик 43,7 фоизга камайишига эришилди. Аниқроғи, 1063 жиноят содир бўлган, ўтган йилнинг шу даврида эса бу кўрсаткич 825 ни ташкил этган. Содир бўлган жиноятларнинг 90 фоизи очилган.

Пойтахт кўчалари, маҳаллаларида ўрнатилган 140 мингдан ортиқ видеокамера жиноятларни фош этишда қўл келмоқда. 200 дан ортиқ жиноятни содир этганлар шу усулда аниқланди.

Чорраҳаларда ҳосил бўлаётган тирбандликлар пойтахтнинг муаммоларидан бирига айланмоқда. Бунга вақтида чора кўриш мақсадида мотоциклли хизмат ходимлари фаолият юритяпди. Ҳозирча уларнинг сони ўнта бўлиб, улар тирбандлик ҳақида хабар келиб тушиши билан воқеа жойига зудлик билан етиб бориб, вазиятни барқарорлаштирмоқда.

Профилактика хизмати ходимларининг барчаси хизмат уйи ва автомашина билан таъминланган. Бу хизмат сифатини оширган. 176 маҳаллада жорий йилда бирорта ҳам жиноят содир бўлмаган. Аммо яртилаётган шароитларга қарамай соҳа ходимлари орасида қонунбузарликка йўл қўйиш ҳолати, афсуски, ҳамон учраб турибди. Шу йилнинг ўтган даврида ана шундай қилмиши учун уч нафар ходим жавогарликка тортилган ва ишдан бўшатилган.

Очиқ мулоқот давомида ички ишлар органлари ходимлари маънавиятини юксалтиришга оид ишлар амалга оширилаётгани айтиб ўтилди. Шунингдек, янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари, уларни бериш тартиби, бу борада фуқароларга қулайлик яратиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини кучайтириш, йирик бозорлар атрофини тартибга солиш каби масалаларга оид саволларга жавоб қайтарилди. Наврўз байрамини тинч ва осойишта ўтказиш борасида қилинаётган ишларга тўхталиб ўтилди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур тадбир Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 14 февралдаги “Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилди. Ушбу ҳужжатда Ички ишлар вазирининг ўринбосари – Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи ҳар ўн кунда пойтахт ички ишлар органлари фаолияти масалалари бўйича очиқ мулоқот ўтказиши кўрсатилган.

Норгул Абдураимова, ЎзА
11 797