Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.11.2017 17:52 Чоп этиш версияси

Қидирувдаги 21 шахс ушланди

Тошкент вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан жамоат тартибини сақлаш, хавфсизликни таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида доимий равишда профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.

Жорий йилнинг 26 октябридан 2 ноябрига қадар ҳудудда содир этилган 136 жиноятнинг 122 таси фош этилиб, тезкор-тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Одам савдоси, автотранспорт воситасини олиб қочиш, фирибгарлик, ўғирлик жиноятларини содир этиб, суд ва терговдан қочиб юрган 21 нафар шахс ушланди.

– Аниқланмаган 11 жиноят бўйича айбдорларни қидириб топиш ва уларни қонун доирасида жавобгарликка тортиш чоралари кўрилмоқда, – дейди вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи М.Рашидов. – Чиноз ва Юқори Чирчиқ туманларида баданга оғир шикаст етказиш ва автотранспорт воситасини олиб қочиш каби жиноятлар фош этилди. Бекобод туманида фуқароларнинг ишончини суиистеъмол қилиб, фирибгарлик қилаётган шахс қўлга олинди. Ушбу ҳолатлар юзасидан айбдорларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.

Профилактика инспекторлари томонидан жойларда ўтказилаётган тадбир ва учрашувларда қонун устуворлигини таъминлаш, тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот ва тушунчалар берилмоқда.

Вилоятда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётир. Ҳафта давомида ҳудудда маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш, белгиланган тезликни ошириш, чорраҳа ва светофордан ўтиш, одам ташиш қоидасини бузиш каби 4 минг 863 йўл-транспорт ҳодисаси аниқланиб, айбдорларга қонун доирасида тегишли чоралар кўрилди.

Соҳа ходимлари томонидан транспорт воситалари серқатнов бўлган автомобиль йўлларида белгиланган тезликни меъёридан ошириш қоидабузарликларини аниқлаш ишлари кучайтирилди. Вилоятдаги умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасаларида ҳам ўқувчиларга йўл ҳаракати қоидаларини тушунтириш бўйича тизимли тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
2 921






Все о погоде - Pogoda.uz