Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.12.2017 22:10 Чоп этиш версияси

Ички ишлар вазирлиги Марказий госпиталида кўргазмали тиббий амалиёт бажарилди

Ички ишлар вазирлиги Марказий госпиталида кўргазмали тиббий амалиёт бажарилди Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Марказий госпиталида Украинанинг отиатрлар, отоневрологлар ва отонейрожаррроҳлар уюшмаси вице-президенти, Украина тиббиёт фанлари миллий академиясининг профессори А.Коломийченко номидаги Отоларингология институти етакчи илмий ходими, профессор Олег Борисенко иштирокида семинар ва намунали тиббий амалиёт бажарилди.

Украиналик мутахассис мамлакатимиз ИИВ тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган ҳамкасблари ҳузурида долзарб мавзуларда маърузалар қилди.

10.JPG

– Олег Николаевич ўз соҳаси бўйича дунёдаги етакчи мутахассислардан бири ҳисобланади, – дейди ИИВ тиббиёт бошқармаси раҳбари ўринбосари Шаҳло Абдуллажонова. – Унинг қулоқ микрожарроҳлиги соҳасида эришган ютуқлари халқаро миқёсда тан олинган. Шу боис бундай мутахассис иштирокидаги семинар ва амалиётлар тиббиёт ходимларимизнинг касб маҳоратини оширишда муҳим аҳамиятга эга.

Мамлакатимиз ва украиналик отиатрлар ўртасида тажриба алмашиш кўп жиҳатдан профессор Олег Борисенко ҳамда Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази профессори Шавкат Омоновнинг яқин ҳамкорлиги самарасида йўлга қўйилган. Юртдошимиз ҳам Киевга тез-тез бориб, беморларнинг эшитиш қобилиятини тиклаш бўйича операциялар ўтказишга доир тажрибаси билан ўртоқлашади.

11.JPG

– Ҳар сафар Ўзбекистонга катта мамнуният билан келаман, – дейди профессор О.Борисенко. – Мустақиллик йилларида мамлакатингиз кўп соҳаларда, жумладан, тиббиёт соҳасида ҳам улкан ютуқларга эришди.

Ички ишлар вазирлигининг мазкур тиббиёт муассасасида мураккаб микрожарроҳлик амалиётлари “OPMI Sensera” микроскопи ёрдамида бажарилмоқда. Профессор О.Борисенко ҳамда украиналик етакчи илмий ходим, тиббиёт фанлари доктори И.Сребняк иштирокидаги маҳорат сабоқлари эса юртимиз тиббиёт ходимларининг ушбу замонавий ускуна имкониятларини янада мукаммалроқ ўзлаштиришига ёрдам бермоқда.

Аблай Камолов, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА
1 829






Все о погоде - Pogoda.uz