ЎзА Ўзбек

10.03.2018 21:38 Чоп этиш версияси

Ички ишлар органларига ишга қайта тиклаш — энг кўп қилинган мурожаат

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов 2017 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ҳамда барча вилоятларда сайёр қабуллар ўтказган. Сайёр қабулларда жами 6 минг 67 нафар фуқаро қабул қилинган. Улардан турли мазмундаги 3 минг 760 мурожаат тушган.

Мурожаатларнинг 1 минг 388 таси ички ишлар органларига ишга қайта тиклаш, 243 таси ички ишлар органларига ишга кириш, 541 таси ички ишлар органларидаги терговга қадар текширув, дастлабки тергов ва суриштирув ҳамда 394 таси паспорт-виза масалаларига оид бўлган.

Оила-турмуш доирасидаги келишмовчиликларга доир мурожаатлар 125 тани, турли ижтимоий-иқтисодий масалаларга доир мурожаатлар 522 тани ташкил этган. 102 та мурожаатда эса ички ишлар органлари ходимларининг ноўрин хатти-ҳаракатлари баён қилинган. Шунингдек, 445 мурожаатда бошқа турли масалалар ўз аксини топган.

Мурожаатларнинг 340 таси сайёр қабул жараёнида ижобий ҳал этилган. 731 мурожаат эса қабулдан сўнг кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилган. Шу билан бирга, 2 минг 558 мурожаат юзасидан тушунтириш берилган, 131 тасини қаноатлантириш рад қилинган.

Бу ҳақда ИИВ расмий сайтида маълум қилинди.


ЎзА
10 965