Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.06.2018 15:50 Чоп этиш версияси

Ичимлик суви ва канализация тизимларида аниқланган 312 авария ҳолати бартараф этилди

Ичимлик суви ва канализация тизимларида аниқланган 312 авария ҳолати бартараф этилди
Фарғона вилоятида ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш, канализация ва оқова сувларни тозалаш хизмати кўрсатиш соҳасини техник жиҳатдан тартибга солиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Вилоятда иқтисодиёт тармоқларининг жадал ривожланиши ва аҳоли нуфусининг ошиб бориши натижасида ичимлик суви истеъмолига бўлган талаб ҳам кундан-кун ўсиб бормоқда. Бу борадаги ўрганишлар давомида вилоятнинг баъзи ҳудудларида ичимлик суви тармоқларининг фойдаланиш муддати ўтгани туфайли носозликлар кўп кузатилиши оқибатида сувнинг йўқотилиши белгиланган меъёрдан юқори экани аниқланди. Шунинг учун барча шаҳар ва туманларда ичимлик суви таъминотини яхшилаш юзасидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилмоқда.

– Вилоят аҳолиси ичимлик суви таъминотининг 80 фоизи ер ости чучук сув манбалари ҳиссасига тўғри келади, – дейди Фарғона вилояти ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш ҳудудий инспекцияси бошлиғи А.Авлиёхонов. – Қолган 20 фоизи дарё ва сой сувларидан етказиб берилади. Сувни эъзозлаш, уни тежаш, оқилона фойдаланиш тобора муҳим ва долзарб вазифага айланмоқда. Фарғона вилояти “Сувоқова” давлат унитар корхонаси тасарруфидаги 73 сув ва 8 оқова сувларни тозалаш иншооти технологик текширувдан тўлиқ ўтказилди. Ичимлик суви ва оқова сув тизимида ўрганишлар ўтказилиб, 52 ноқонуний ҳолат аниқланди. Ичимлик суви ва канализация тизимларида аниқланган 312 авария ҳолати бартараф этилди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ичимлик суви таъминоти корхоналарида сув иншоотлари ҳолатини яхшилаш учун соҳага технологик янгиликларни жорий этиш муҳим аҳамият касб этади. Шундагина кўплаб масалалар ўз ечимини топади. Мисол учун, Фарғона шаҳрининг 5 маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи аҳоли тоза ичимлик суви билан тўлиқ таъминланмаган. 217 километр ичимлик суви тармоғи таъмирга муҳтож. Сойбўйи ва Қумариқ кўчалари аҳолиси фойдаланаётган сув техник мақсадлар учун мўлжалланган. Бағдод туманида 7 та, Риштон туманида 5 та, Олтиариқ туманида 2 та ва Ўзбекистон туманида 3 та маҳалла ҳудудини ичимлик суви билан етарли даражада таъминлаш зарур.

Ўзбекистон туманида айрим ичимлик суви қувурлари носоз ҳолатга келиб қолган бўлиб, вазиятни ижобий томонга ўзгартириш учун Каримдевона қишлоғида жойлашган марказий сув олиш иншооти ва унинг санитария-ҳимоя зонасидаги шароитни бугунги кун талаби асосида яхшилаш талаб этилади. Қувасой шаҳрида ҳам ичимлик суви қувурларида тез-тез авария ҳолатлари қайд этилаётгани тармоқни янгилаш, реконструкция қилиш ва шу орқали ортиқча харажатларни қисқартириш лозимлигидан далолат беради.

Вилоятда Президентимизнинг 2017 йил 16 ноябрдаги “Сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўрганишлар давомида вилоят “Сувоқова” давлат унитар корхонаси тасарруфидаги 341 ичимлик суви қудуғи ва 137 сув насоси таъмирга муҳтожлиги, 651 ер ости суви қудуғи босимли сув минораси билан таъминланмагани ҳамда вилоятдаги ичимлик суви тармоқларининг 2 минг 396 километри ишлатиш муддати ўтгани аниқланди.

Бу борада ичимлик суви қудуқларининг санитария майдонлари ерлари кейинги йилларда ўзлаштириш осон ҳудудлар тоифасига кириб қолгани ачинарлидир. Масалан, Қува туманидаги “Обиҳаёт” сув олиш иншоотидаги ичимлик суви қудуқлари ҳудудида балиқ кўли барпо этилгани, Қўштепа тумани Саёҳатчи кўчасидаги қудуқнинг санитар муҳозафа майдони ноқонуний эгаллаб олингани ва Дўрмон қишлоғидаги қудуқнинг муҳофаза майдонида савдо дўконлари қурилиши, Риштон туманига қарашли Қайрағоч қишлоғи ҳудудидаги сув иншоотининг муҳофаза майдони иссиқхона қуриш учун ажратиб берилгани, Бувайда тумани Балиқчи, Камар, Қоратепа ва Бачқир ичимлик суви иншоотлари ҳудудида ҳам ерлар қурилиш объекти учун бериб юборилиши қонунга зид хатти-ҳаракатлардир.

Вилоят ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш ҳудудий инспекцияси томонидан сувдан оқилона фойдаланиш, табиат неъматларини асраб-авайлаш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоят ҳу
дудидаги ичимлик сувидан фойдаланувчи аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларга мурожаатнома қабул қилинди.

Манбаларга кўра, ер юзининг тўртдан уч қисми сув билан қопланган ҳолда, унинг атиги 6 фоизи чучук сув ҳисобланади. Шу чучук сувнинг ҳам бор-йўғи 2,5 фоизи истеъмол учун яроқли, холос. Бинобарин, сувдек бебаҳо неъматни тежаб ишлатиш, уни исроф қилмаслик ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
4 433