Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.03.2017 18:43 Чоп этиш версияси

Ичимлик суви таъминоти яхшиланмоқда

Қорақалпоғистон Республикасида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу ишга “Экосан” экология ва саломатлик халқаро хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида фонднинг молиявий кўмагида Қанликўл туманидаги "Бўстон" овул фуқаролар йиғини ҳудудида 3 минг аҳолига тиббий хизмат кўрсатаётган “Қуламет жиров” қишлоқ врачлик пункти тоза ичимлик суви билан таъминланди. Бунинг учун узунлиги 300 метрга яқин сув тармоғи тортилди.

Умумий қиймати 35,5 миллион сўм бўлган бунёдкорлик ишлари “Чимбой иншооти” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилди.

– Овулимизда ичимлик сувига бўлган талаб қондирилмоқда, – дейди “Бўстон” овул фуқаролар йиғини раиси Алламберген Аяпов. – Ҳудудимиздаги Жанга тилек, Бўстон ва Қўғам овулларида истиқомат қилаётган 5 мингдан зиёд аҳолининг 90 фоизи тоза ичимлик суви билан таъминланган. Жорий йилда “Экосан” экология ва саломатлик халқаро хайрия жамоат фонди томонидан амалга оширилаётган лойиҳага мувофиқ Мамут ўй аҳоли пунктига ҳам ичимлик суви тармоғи тортилади.

Мазкур лойиҳа доирасида Тўрткўл туманидаги Янгиобод, Дўстлик, Авиация маҳаллаларига ҳам сув тармоқлари тортилиб, тез кунларда фойдаланишга топширилади.

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА
733






Все о погоде - Pogoda.uz