ЎзА Ўзбек

07.11.2019 Чоп этиш версияси

Иқтидор соҳибалари сараланди

Иқтидор соҳибалари сараланди

Андижонда Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодларни саралаш танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда иқтидорли қизларни қўллаб-қувватлаш, ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этишлари учун кенг имкониятлар яратиб бераётган мазкур танлов ҳар йилгидан ҳам кўтаринки руҳда ўтмоқда. Мазкур танлов эндиликда аввалгидай беш йўналишда эмас, етти йўналишда, 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган қизлар ўртасида ўтказилмоқда.

Жорий йилда Андижон вилоятида мазкур танлов номзодларини саралаш бўйича таълим муассасалари ҳамда туман ва шаҳар босқичларида 1 минг 734 иқтидорли қиз қатнашган бўлса, вилоят босқичида адабиёт, санъат, фан, таълим, маданият, спорт, жамоатчилик фаолияти йўналишлари бўйича 223 ёш иқтидор соҳибаси ўз имкониятларини синовдан ўтказди.

Турли йўналишлар бўйича энг яхши натижаларга эришган иқтидорли қизлар танловнинг мамлакат саралаш босқичида қатнашишга тавсия этилди.

– Имкониятларимизни яна бир бор синовдан ўтказдик, – деди танловнинг адабиёт йўналиши иштирокчиси Зулхумор Орифжонова. – Ижодим, фаолиятим юқори баҳоланиб, танловнинг мамлакат саралаш босқичида қатнашишга тавсия этилганимдан беҳад мамнунман. Бу менга улкан масъулият юклайди. Бундан буён ана шу эътирофга муносиб бўлишга астойдил ҳаракат қиламан.

Якунда вилоят саралаш босқичининг барча иштирокчилари вилоят Хотин-қизлар қўмитасининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.

353
Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА