Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.04.2017 12:27 Чоп этиш версияси

Гулистонда бир гуруҳ юртдошларимизга фуқаролик паспортлари топширилди

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 февралдаги фармонига асосан Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинган юртдошларимиз қаторида сирдарёлик Нигора Тоирова ҳам бор.

Гулистонда Ўзбекистон фуқаролиги берилган бир гуруҳ юртдошларимизга Ўзбекистон Республикасининг паспорти тантанали равишда топширилди.

Нигора асли Тожикистон Республикасида туғилган. Ўша ерда ўрта мактабни тамомлагач, Ўзбекистонга келиб, Янгиер шаҳар тиббиёт коллежига ўқишга кирди. 2011 йил коллежни битиргач, шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий шифохонада амалиёт ўтади.

– Ўзбекистонда таълим олиш, касб-ҳунар эгаллаш ва, энг асосийси, Ўзбекистон фуқароси бўлишни бир умр орзу қилганман, – дейди Нигора. – Янгиер шаҳар марказий шифохонасида амалиёт ўтаб, шу ерда ишга қабул қилиндим.

Нигора Янгиер шаҳрида Шукурулло Насриддинов билан турмуш қурди. Маҳалла аҳли, Шукуруллонинг ота-онаси Нигорани ўз қизларидек қабул қилди.

– Шукурулло ёлғизгина фарзандимиз, – дейди Пайваста опа Насриддинова. – Келиним кўнглимдагидек чиқди. Меҳнатсевар, ширин сўз, меҳрибон. Асли қаерда туғилган бўлса ҳам, ота-она учун фарзандининг бахти муҳим. Нигорахон келин эмас, қиз бўлиб кирди уйимга. Энди мана Ўзбекистон фуқаролигини ҳам олди. Бунинг учун Президентимиздан миннатдормиз.

– Мен ҳам озод Ўзбекистоннинг тенг ҳуқуқли фуқароси бўлганимдан қувончим ичимга сиғмай кетяпти, – дейди Нигора. – Вилоят ҳокими қўлидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспортини олар эканман, қалбим фахр-ифтихорга тўлди. У ёқда менинг Ўзбекистон фуқаролигини олганимни эшитган онамнинг қувончини айтмайсизми?! Менга дунёнинг энг тинч, энг фаровон ва энг обод ўлкаси – Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиш бахтини берган Президентимизга минг раҳмат. Ўзбекистонимизнинг тинчлиги, тараққиёти, халқимизнинг саломатлиги учун ҳаётимни бағишлашга тайёрман.

Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев сўзга чиқди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
3 677






Все о погоде - Pogoda.uz