Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

23.09.2017 13:13 Чоп этиш версияси

Грант танловида ғолиб бўлган ННТ ва оммавий ахборот воситаларига сертификатлар топширилди

Андижонда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросини таъминлашда давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ижтимоий ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари, вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини янада ошириш, ижтимоий шериклик самарадорлигини тубдан юксалтиришда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси муҳим дастуриламал бўлаётгани алоҳида таъкидланди. Давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси фаолиятини такомиллаштириш, Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди грант танловларида вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирокини кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

– Мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларига субсидия, давлат гранти кўринишида молиявий кўмак бериш кўлами ва ҳажми йилдан-йилга ортмоқда, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Парламент комиссияси аъзоси Тўлқинжон Каримов. – Бу мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида уларнинг фаоллигини янада ошириш, мавжуд ижтимоий муаммоларни ҳал этишдаги иштирокини таъминлаш, қолаверса, ижтимоий шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Тадбирда ижтимоий аҳамиятга эга дастурларни самарали амалга оширишда давлат, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаоллигини, ижтимоий ҳамкорлигини кучайтириш юзасидан таклифлар билдирилди.

2017 йилда жамоат фонди томонидан ўтказилган грант танловида ғолиб бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларига сертификатлар топширилди. Навбатдаги грант танловида иштирок этиш, лойиҳалар тайёрлаш ва тақдим қилиш бўйича мутахассислар томонидан зарур маслаҳат ва тавсиялар берилди.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
1 592






Все о погоде - Pogoda.uz