Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.04.2017 17:37 Чоп этиш версияси

Гиёҳвандликнинг олдини олиш чоралари муҳокама қилинди

Мамлакатимизда тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга доимий эътибор қаратилмоқда. Гиёҳвандликнинг олдини олиш, унга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар шу мақсадга хизмат қилаётир.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясида «Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятларга қарши курашнинг миллий ва хорижий тажрибаси: бугунги ҳолати ва қонунчиликни такомиллаштириш истиқболлари» мавзуида ташкил этилган илмий-амалий конференцияда шу ҳақда сўз юритилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Б.Матмуродов, Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи Б.Матлюбов ва бошқалар мамлакатимизда гиёҳвандлик ва наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш бўйича давлат тизими шаклланганини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил марказидан ташқари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда бу офатга қарши курашувчи алоҳида тизим иш олиб бормоқда. Соҳага оид фаолиятни давлат даражасида мувофиқлаштириш учун идоралараро орган – Давлат комиссияси фаолият юритмоқда.

Миллий қонунчиликда гиёҳвандликка оид жиноятчиликнинг олдини олиш, бу борада ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорлиги, гиёҳвандликка чалинган шахсларни даволаш ва бошқа муҳим масалаларнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланган. Ўзбекистон 1995 йилда БМТнинг Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилган ва унда белгиланган вазифаларни тўла бажариб келмоқда.

Мутахассислар фикрича, гиёҳвандлик – тез тарқалиш хусусиятига эга бўлган оғир касаллик бўлиб, тиббий, ижтимоий ва ҳуқуқий муаммолар келтириб чиқариши билан бирга, унга вақтида эътибор бермаслик жамиятга катта зиён келтириши муқаррар. Шунинг учун «аср вабоси» номини олган бу балои офатга карши курашиш долзарб аҳамиятга молик.

Мамлакатимизда гиёҳвандлик профилактикаси соҳасида ижобий тенденциялар кузатилмоқда. Кейинги йилларда наркологик рўйхатга олинган беморлар сони кескин камайган.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан наркотик моддаларнинг мамлакатимизга контрабанда йўли билан кириб келиши ва транзитининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорлик алоқалари яхши йўлга қўйилган.

Ёшлар ўртасида гиёҳвандликнинг олдини олиш борасида таълим муассасаларида учрашувлар ўтказиб келинмоқда. Наркология диспансерлари врач-мутахассислари ва наркотик моддаларнинг ғайриқонуний айланишига қарши курашиш бўйича тезкор ходимлар иштирокида ўтган учрашувларда ҳаётий мисоллар воситасида ёшлар огоҳликка чақирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Олий суд, Бош прокуратура, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази, вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этган тадбирда гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишнинг ижтимоий хавфлилиги, ана шундай қилмишлар учун жавобгарлик асослари, бу борада хорижий давлатлар тажрибасининг аҳамияти каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Норгул Абдураимова, ЎзА
5 382






Все о погоде - Pogoda.uz