Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.10.2017 16:11 Чоп этиш версияси

Гиёҳвандлик – умр кушандаси

Орамизда шундай кишилар борки, гиёҳвандликнинг оқибатини билатуриб саломатлиги, оиласи, фарзандларининг келажагига панжа орасидан қараб, унга ружу қўяди.

Саидабзал Саиднасимовнинг ҳавас қиларли касби, маҳаллада обрў-эътибори бор эди. Лекин сўнгги пайтларда кечалари бемаҳал юриб, ёмон кимсаларга қўшилди. Дастлаб сигарет чекишга ўтди. Бу одати уни аста-секин гиёҳвандликка бошлади. Унинг саъй-ҳаракатлари маҳалла профилактика инспекторининг назоратидан четда қолмади.

Мамлакатимизда наркотик моддаларни суистеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш бўйича муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан трансмиллий наркогуруҳларнинг қонунга зид фаолиятларини аниқлаш ва унга чек қўйиш, контрабанда каналларини ёпиш, гиёҳвандлик экинларини йўқ қилиш ва гиҳёвандлик иллати тарқалишининг олдини олиш бўйича махсус тадбир ва операциялар ўтказилмоқда.

Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасидан берилган маълумотга кўра, жорий йилнинг 22 сентябрь куни Миробод тумани ҳудудида ўтказилган профилактика тадбири давомида С.Саиднасимов кузатувга олинди. Унинг ҳаракатлари шубҳа уйғотгач, холислар иштирокида текшириб кўрилди. Текширув жараёнида С.Саиднасимовнинг ёнида оғирлиги бир килограмдан ортиқроқ гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди ва далилий ашё сифатида олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозир дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, С.Саиднасимовнинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.

Пойтахтимизда гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш борасида олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида жорий йилнинг шу пайтига қадар 85 килограмдан ортиқ гиёҳвандлик воситалари қўлга олинган.

Даврон Суннатов, ЎзА
4 688






Все о погоде - Pogoda.uz