Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.04.2017 12:05 Чоп этиш версияси

Германиялик шифокорлар Андижонда болаларни тиббий кўрикдан ўтказди

Германиялик шифокорлар Андижонда болаларни тиббий кўрикдан ўтказди Андижонда Германия Федератив Республикасидан келган бир гуруҳ тажрибали шифокорлар бемор болаларни тиббий кўрикдан ўтказди.

Президентимиз раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, аҳоли, айниқса, оналар ва болалар саломатлигини асраш, тиббий хизмат сифатини юксалтириш, тиббий муассасалар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, халқаро тиббиёт муассасалари билан ҳамкорликни кенгайтириш, жаҳондаги илғор тажрибаларни ўрганиш ва тизимга жорий этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳамда Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти ўртасида тузилган ҳамкорлик келишувига асосан Андижон вилояти кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида ўтказилган тиббий кўрик бунга яққол мисолдир.

Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 4-12 апрель кунлари ўтказиладиган тиббий кўрик натижаларига кўра, оғир деб топилган бемор болалар жорий йилнинг август ойида Германиянинг нуфузли клиникаларида даволаниш учун 6 ойдан 3 йилгача муддатга юборилади.

– Германиялик малакали шифокорлар томонидан ўтказилган ушбу тадбирда 90 дан ортиқ бола тиббий кўрикдан ўтказилди, – дейди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Андижон вилояти ҳудудий филиали директори Т.Бердираҳматов. – Кўрикда асосан тана таянч ҳаракат тизими, туғма юрак нуқсони, терида куйиш асоратлари, қўл-оёқ бўғимлари хасталиклари билан оғриган 5 ёшдан 12 ёшгача бўлган болалар чуқур текширувдан ўтказилди.

Тиббий кўрикда хорижлик шифокорлар билан бирга, мамлакатимиз мутахассислари ҳам иштирок этди. Тиббий текширувлар Германиядан келтирилган тиббий жиҳоз ва ускуналар ёрдамида олиб борилгани кўрикнинг янада самарали бўлишини таъминлади. Кўриклар якунида 5 болага Германияга бориб даволаниши учун хулоса берилди.

– Мақсадимиз болаларнинг саломатлигини асрашга кўмаклашиш, ўзбекистонлик шифокорлар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш, – дейди “Friedensdorf International” халқаро ташкилотининг ижтимоий дастурлар бўйича ходими Марейк Янсен хоним. – Ўзбекистон тиббиёт соҳасида катта ютуқларга эришгани гувоҳи бўлдим. Келишув доирасидаги ҳамкорлигимиз ва олиб бораётган ишларимиз ижобий самаралар беришига ишонаман.

Кўрик доирасида шифокорларимиз ва хорижлик мутахассислар ўртасида болалар хасталикларини аниқлаш, самарали даволаш бўйича мулоқотлар бўлиб ўтди, ўзаро тажриба алмашилди.

– Ўтган йили қизим Мумтоза куйишдан қолган жароҳати туфайли Германияда даволаниб қайтди, – дейди Андижон шаҳри Гулистон маҳалласида яшовчи Замира Раҳимова. – Бугун хорижлик мутахассислар қизимни яна бир бор кўрикдан ўтказиб, даволаш самарали бўлганини айтишди. Ҳозир унинг жароҳати битиш арафасида. Фарзандларимизнинг соғлом бўлиши учун мана шундай имкониятлар яратиб бераётган Президентимиздан миннатдормиз.

Тиббий кўрик давомида хорижлик шифокорлар томонидан зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди, бир гуруҳ беморларга бепул дори-дармон тарқатилди.

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат), ЎзА
1 149






Все о погоде - Pogoda.uz