Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.06.2018 12:35 Чоп этиш версияси

«Гўзаллик ҳокимияти» юқори ва сифатли хизмат кўрсатиш тизимини тартибга солади

Пойтахтимизда “Bazis Medic” нодавлат таълим муассасаси ва «Гўзаллик ҳокимияти» республика косметологлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ассоциацияси фаолиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

“Bazis Medic” нодавлат таълим муассасаси 2015 йилда фаолиятини бошлаган. Унда хотин-қизларга эстетик тиббиёт ва косметология, бошланғич косметология, косметологияда кичик ҳамширалик, мезотерапия, ботокс, филлер, мезоиплар ва 3D иплар, киприк ўстириш, татуаж, маникюр ва педикюр, малака ошириш, маркетинг маслаҳат каби йўналишларда сабоқ берилади.

Мазкур мактабда эҳтиёжманд оилалар фарзандлари, имконияти чекланган хотин-қизлар маҳалла фуқаролар йиғинларининг тавсияномаси асосида бепул ўқитилади. Таълим муассасаси уларга касб ўргатишдан ташқари, келгусида иш билан таъминланишини ўз зиммасига олади. Ушбу муассасадаги курсларни айни вақтгача бир ярим мингдан ортиқ тингловчи битирган бўлса, шундан 800 нафари мустақил фаолиятини бошлаган.

Мазкур нодавлат таълим муассасаси қошида «Гўзаллик ҳокимияти» Республика косметологлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ассоциацияси ҳам ташкил этилган бўлиб, бу икки ташкилот бир-бирининг фаолиятини тўлдиради. Ушбу ассоциация аҳолига хизмат кўрсатаётган косметологларга ҳар томонлама кўмак бериб, уларнинг билимларини мустаҳкамлаш билан бирга, тиббий маълумоти бўлмаган мутахассисларни қайта тайёрлашда ягона муассаса ҳисобланади.

– Юртимизнинг барча ҳудудида яшаётган аёллар учун қулайлик яратиш, уларни иш билан таъминлаш муҳим вазифалардандир, – дейди ассоциация раиси Нилуфар Муродова. – Шунинг учун ўқув маркази ва ассоциация филиалларини Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ташкил этишни режалаштиряпмиз. Бунда барча бўлимлар хотин-қизларни ўқитиш ва келажакда ўз ишига эга бўлиши учун косметологлар малакасини ошириш, техник жиҳозлар ва препаратлар, давлат стандартига жавоб берадиган филлер, ботокс препарати, шунингдек, мезотерапия дори воситалари билан таъминланади.

Жорий йилдан бошлаб “Йил косметологи” кўрик-танловини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, косметологларнинг сифатсиз муолажасидан жабр кўрган мижозларга тез ёрдам шифокорлар гуруҳини тузиб, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилади.

Барно Мелиқулова, ЎзА
1 543