Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.02.2017 17:22 Чоп этиш версияси

Фуқаролар билан очиқ мулоқот

Тошкент ахборот технологиялари университетида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси тергов бошқармаси ходимлари билан фуқаролар ўртасида очиқ мулоқот ўтказилди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Д.Тошхўжаев ва бошқалар мамлакатимизда халқимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлашга қаратилган изчил ислоҳотлар жараёнида қонунчилик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2016 йил 16 сентябрда имзоланган Ўзбекистон Республикасининг “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонуни бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Учрашувда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилидаги асосий вазифалар, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш борасида қилинаётган ишлар хусусида маълумот берилди. Очиқ мулоқот жараёнида юздан ортиқ ариза ва мурожаат кўриб чиқилди. Аксарият аризачиларнинг талаблари шу жойнинг ўзида қаноатлантирилди. Тергов ходимлари томонидан йўл қўйилган камчиликлар бош бошқарма раҳбарияти томонидан назоратга олиниб, фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

– Фуқароларнинг жиноят ишлари бўйича саволларига ушбу ишни кўриб чиқаётган терговчилар томонидан шу ернинг ўзида жавоб берилди,– дейди шаҳар ИИББ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бўлими бошлиғи ўринбосари Тўлаган Абдуллаев. – Муаммолар бундай очиқ ҳал этилишининг иккита фойдали томони бор. Биринчидан, йўл қўйилган камчиликларни тузатиш, иккинчидан, келгусида бундай камчиликларга йўл қўймаслик. Албатта, очиқ, ошкора тарзда ўтказилган бундай учрашувлар аҳолининг давлат органларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг guvd.uz виртуал қабулхонаси ишга туширилди. Натижада фуқаролар ички ишлар органлари фаолиятига оид масалалар, муаммолар, ариза, шикоят ёки таклифлари билан бош бошқарма раҳбарига тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имкониятига эга бўлди.

Тадбир сўнггида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар жавоб қайтарди, зарур ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА
3 444






Все о погоде - Pogoda.uz