Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.04.2017 11:16 Чоп этиш версияси

Фредерик Бопертюи-Брессанд: Амир Темур феномени мени ром этган

Амир Темур ва темурийлар давлати бутун дунёда ҳайрат ва ҳавас уйғотган. Бу шонли давр собиқ тузум тазйиқи остида юртимизда унуттирилган пайтларда ҳам хорижда катта қизиқиш билан ўрганилган. Францияда 1988 йилдан бери Темурийлар тарихи ва маданиятини ўрганувчилар ассоциацияси фаолият юритиб келаётгани фикримизнинг далилидир.

ЎзА мухбири мазкур ассоциация президенти, тарихчи олима Фредерик Бопертюи-Брессанд билан интернет орқали суҳбатлашди.

– Муҳтарама Фредерик хоним, Соҳибқирон бобомиз ҳаётига қизиқишингизга, Темурийлар тарихи ва маданиятини ўрганувчилар ассоциациясини ташкил этишингизга нима сабаб бўлган?

– Амир Темур оддий аскарликдан буюк саркарда даражасига чиққан, Мовароуннаҳрдан Ҳиндистону Европагача, Араб денгизидан Сибиргача бўлган улкан ҳудудда кучли давлат барпо этган нодир шахсдир. У тарихдаги бошқа жаҳонгирлардан фарқли равишда бунёдкорлик, илм-фан, маданият ривожига катта эътибор қаратган. Олимлар, меъморлар, ҳунармандлар, табиблар, файласуфлар, шоиру машшоқларга ғамхўрлик қилган. Темур, унинг набираси Мирзо Улуғбек ва бошқа темурийзодалар томонидан ҳамма жойда масжид ва мадрасалар, мақбаралар, карвонсаройлар, ҳаммомлар, шифохоналар, боғлар, каналлар қурдирилган. Мовароуннаҳр, Эрон, Ҳиндистон, Хитой ва бошқа ўлкалардаги маданиятлар синтези темурийлар санъатини юксак даражага кўтарган. Соҳибқирон давридаги тараққиёт Европада уйғониш жараёнига ҳам ҳаётбахш таъсир этган.

Амир Темур халқаро савдо-иқтисодий алоқаларни йўлга қўйган, бу борада ҳам қатъий тартиб-интизом ўрнатган. Буни Соҳибқироннинг Франция қироли Карл VI билан мактуб алмашганида яққол кўриш мумкин. Испания қироли Генрих III ва Англия қироли Генри IV ҳам Амир Темур саройига элчи жўнатган.

XV асрдаёқ Европада Амир Темурга ёдгорлик ўрнатилган, у ҳақда кўплаб илмий, бадиий асарлар яратилган.

Биз ёшлигимиздан ана шуларни ўқиб улғайганмиз ва Амир Темур феномени мени ўзига ром этган. Илмий конференцияларда қатнашиб, олимлар билан суҳбатлашиб билдимки, Амир Темур шахсига қизиқувчилар кўп экан. Ўрта асрлар Шарқ ренессанси, Амир Темур давлатининг қудрати ва аҳамияти ҳақида соатлаб гаплашиб тўймасдик. Бу олимларни бирлаштириш, улар ўртасида илмий мулоқотни йўлга қўйишга эҳтиёж сезилди. Темурийлар тарихи ва маданиятини ўрганувчилар ассоциацияси шу тахлит ташкил этилган.

– Ассоциация томонидан қандай ишлар амалга оширилди? Яна нималар режалаштирилмоқда?

– Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Президент Ислом Каримов ташаббуси билан тарихий адолатни тиклаш, буюк шахсларнинг ҳаёти ва бебаҳо меросини ўрганиш, қадамжоларини обод этишга алоҳида эътибор қаратилди. Бу европалик тадқиқотчилар учун ҳам ажойиб имконият яратди. Биз Амир Темур туғилиб ўсган юрт – Ўзбекистонга бориш, Самарқанд ва Шаҳрисабзни ўз кўзимиз билан кўриш бахтига муяссар бўлдик. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Археология институти, Темурийлар тарихи давлат музейи ва бошқа ташкилотлар билан алоқалар ўрнатдик.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ўз Ватани тарихини чуқур билиши, бундан фахрланиши мени қойил қолдирарди. Бунга 1994 йили Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги, 1996 йили Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги юбилейларида иштирок этганимда амин бўлганман. Париждаги ЮНЕСКО қароргоҳида ўтган "Темурийлар даврида илм-фан, маданият ва маорифнинг гуллаб-яшнаши" кўргазмаси ҳам улкан воқеа бўлган эди.

Франциялик таниқли олим, ассоциациямизнинг ўша пайтдаги президенти, профессор Люсьен Керэн Амир Темур ҳаёти ва фаолиятини, темурийлар даврининг бой маънавий қадриятларини кўп йиллар давомида самарали илмий тадқиқ этгани, Франция ва Ўзбекистон халқлари маданиятининг яқинлашиши ва ҳамжиҳатлигига қўшган шахсий ҳиссаси учун Ўзбекистоннинг «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.

2007 йили Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллик юбилейи доирасида ўтказилган халқаро конференцияда «Темурийлар даври мусиқаси» мавзуидаги маърузам билан қатнашдим. «Мовий Самарқанд» ва «Сеҳрли Самарқанд» номли китоб-альбомларим Парижда нашр этилди.

Ассоциациямиз Ўзбекистон маданияти ва санъатини Франция, умуман, Европада кенг тарғиб қилиб келмоқда. Хусусан, Парижда Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиеванинг концерти, рассом Бобур Исмоилов ва кулол Абдулло Нарзуллаевнинг кўргазмалари ташкил этилди.

Франция журналларида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Археология институти олимлари томонидан Самарқанд, Тошкент, Хоразм, Қашқадарё вилоятларида олиб борилган археологик тадқиқотлар натижаларига бағишланган мақолалар нашр қилинди.

2016 йили Германия пойтахти Берлинда ўтказилган «Алишер Навоий ва унинг жаҳон адабиёти ва маданияти ривожига қўшган ҳиссаси» мавзуидаги халқаро конференцияда ассоциациямиз аъзолари ўз маърузалари билан қатнашди.

Ассоциациямизнинг «La Timuride» (Темурийлар) номли журнали бор. Унда Амир Темур ва темурийлар тарихига оид янги тадқиқотлар натижалари, маданий-маърифий тадбирлар ёритиб келинмоқда.

Режаларимизга келсак, улар жуда кўп. Масалан, Франциядаги машҳур Лувр музейида Ўзбекистон тарихи ва маданиятига бағишланган катта кўргазма ташкил этишни режалаштирганмиз.

Темурийлар тарихининг ҳали очилмаган қирралари кўп, бизда янги-янги ғоялар, мақсадлар мавжуд. Бу буюк тарихни дунёда тарғиб этиш, Франция билан Ўзбекистон ўртасидаги маданий алоқаларни ривожлантиришга ҳисса қўшсак, ўзимизни бахтиёр сезамиз.

Анвар Самадов, ЎзА
2 648






Все о погоде - Pogoda.uz