ЎзА Ўзбек

06.09.2018 10:38 Чоп этиш версияси

Фойдаланилмаётган объектлар янги иш ўрни яратишга халал бермоқда

Фойдаланилмаётган объектлар янги иш ўрни яратишга халал бермоқда

Мамлакатимизда сўнги йилларда барча соҳалардаги чуқур ислоҳотлар ва ҳуқуқий асосларнинг яратилиши тадбиркорлик қилиш имкониятларини кенгайтирмоқда. Хусусан, илгари хусусийлаштирилган корхоналар билан ишлашда ёндашув ва иш услубининг тубдан ўзгартирилиши бир ярим мингдан ортиқ фаолият кўрсатмаётган ва кам қувватли корхоналар фаолиятини тиклаш ва ўн икки мингдан ортиқ иш ўринлари яратиш имконини берди.

Аммо ҳали-ҳануз ҳудудлардаги давлатга ва давлат улуши мавжуд бўлган корхоналарга тегишли бўлган, шунингдек, ажратилган ер участкаларида тадбиркорлик субъектлари томонидан қурилган ҳамда собиқ жамоа ва ширкат хўжаликларини тугатиш даврида сотиб олинган катта миқдордаги фаолият кўрсатмаётган ва самарасиз фойдаланилаётган бинолар ва қурилиши тугалланмаган объектлар сақланиб қолмоқда.

Мазкур ҳолат янги иш ўринлари яратиш имкониятининг йўқотилишига, ишлаб чиқариш қувватларининг маънан эскириши ва жисмонан емирилишига олиб келаётган бўлиб, улардан оқилона фойдаланишни ташкил этиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўришни талаб этмоқда.

Фаолият кўрсатмаётган ва фойдаланилмасдан турган объектлар мулкдорлари, барча даражадаги раҳбарларнинг мазкур объектлардан оқилона ва мақсадли фойдаланилиши бўйича масъулиятини кучайтириш, шунингдек, корхоналарни фаол хўжалик фаолиятига жалб этиш ҳамда шу асосда янги иш ўринлари яратишни даврнинг ўзи талаб этаётир.

Президентимизнинг жорий йил 4 сентябрдаги “Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни тизимли тартибга солиш ва такомиллаштиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

ЎзА
4 366