Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.06.2018 14:26 Чоп этиш версияси

Форишда 126 нафар ишга талабгорнинг 66 нафари ишли бўлди

Жиззах вилояти Фориш тумани ҳокимлиги, прокуратураси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди туман бўлими ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган меҳнат ярмаркасида 44 корхона-ташкилот ва муассаса 123 бўш иш ўрни билан иштирок этди.

Ярмаркада қатнашган 126 нафар ишга талабгор фуқаронинг 98 нафари касб-ҳунар коллежини битирган ёшлардир. 66 нафар фуқарога ўзлари танлаган касб ва мутахассислик бўйича тумандаги корхона-ташкилот ва муассасага ишга йўлланма берилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 октябрдаги "Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ 50 нафар фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди. 

– Давлатимиз томонидан чекка ҳудудларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани туфайли туманимизда йирик ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилиб, иш ўринлари яратилмоқда, – дейди туман бандликка кўмаклашиш маркази раҳбари ўринбосари Т.Раҳматов. – “Обод қишлоқ” дастури амалга оширилаётган Оқтом ва Хонбанди қишлоқларида ҳам янги иш ўринлари пайдо бўлди. Ярмаркада банд бўлмаган фуқароларни иш билан таъминлашда ушбу янги имкониятлардан фойдаландик.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
2 617