Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.10.2017 15:37 Чоп этиш версияси

Фирибгарликка баҳо беришда муҳим асос

Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида муҳим ўрин тутаётган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида қонунийлик ва қонун устуворлигини таъминлаш бўйича муҳим вазифалар белгиланган. Шу асосда фуқароларнинг судга мурожаат қилиш ҳамда суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқлари янада кенгайтирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган навбатдаги мажлисида ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратилди. Мажлисда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, мулк дахлсизлигини таъминлашга қаратилган “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги Олий суд пленуми қарори лойиҳаси муҳокама этилди.

Олий суд раиси К.Комилов бошқарган мажлисда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, жамиятда адолат барқарорлигини таъминлаш йўлида салмоқли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 21 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони асосида суд тизими такомиллашаётгани, соҳа етук мутахассислар билан таъминланаётгани, қонунчилик асослари мустаҳкамланаётгани шу мақсадга хизмат қилаётир.

Мажлисда муҳокама этилган “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги Олий суд пленуми қарори лойиҳаси шу тоифадаги жиноий қилмишларни тўғри малакалаш, қонун талабларини тўғри қўллаш ва ягона суд амалиётини шакллантиришга эришишда муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиздир ва давлат ҳимоясидадир.

Бундан келиб чиқадики, мулкка нисбатан ҳар қандай тажовуз қонун билан таъқиб этилади.

Аммо амалиётда мулкка тажовуз қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар орасида ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан талон-тарож қилишга оид жиноятларнинг кенгайиши тенденцияси кузатилмоқда.

Фирибгарлик деганда, ўзганинг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқини алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қонунга хилоф равишда эгаллаб олиш тушунилади.

Шунинг учун Олий суднинг 2009 йил 24 июлдаги пленуми қарорига бугунги кунда суд амалиётида юзага келган муаммоларни инобатга олган ҳолда тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш зарурати юзага келди. Шундан келиб чиқиб, суд амалиётини чуқур ўрганиб, илмий ва амалиётчи мутахассисларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда пленум қарори янги таҳрирда тайёрланди.

Унда судларга нафақат фирибгарлик жиноятини тўғри ва асосли малакалаш, балки Жиноят кодекси таъсири доирасига тушган шахсларни одатдаги фуқаровий-ҳуқуқий муносабатлардан фарқини аниқлашга оид тушунтиришлар берилган.

Пленум қарори амалдаги қонун нормаларини аниқ ва бир хилда қўллаш орқали ягона суд амалиётини шакллантиришга қаратилган. Ўз навбатида, мазкур ҳужжат фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, одил судлов самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий суд судьялари, Судьялар олий кенгаши аъзолари, вилоят ва туман судлари, ҳарбий судлар раислари, Олий суд ҳузуридаги илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган мажлисда кўриб чиқилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Норгул Абдураимова, ЎзА
4 035






Все о погоде - Pogoda.uz