Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.11.2017 18:57 Чоп этиш версияси

Фирибгарлик билан боғлиқ 70 дан зиёд иш сайёр суд мажлисларида муҳокама этилди

Бухорода Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг 2017 йил 11 октябрдаги "Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида"ги қарори мазмун-моҳияти ҳамда оқлов ҳукми ва шахснинг айблилик масаласини ҳал қилишда суд амалиётида учраётган айрим масалаларга бағишланган семинар ўтказилди.

Жиноят ишлари бўйича вилоят суди томонидан ташкил этилган тадбирда жиноят ишлари бўйича судлар, вилоят, туман (шаҳар) прокуратуралари ва бошқа тегишли идоралар вакиллари иштирок этди.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда барча соҳалар, жумладан, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва либераллаштириш жараёнлари ўз самарасини бериб, юртимиз тараққиёти учун хизмат қилаётгани таъкидланди.

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси юртимизда барқарор тинчлик ва осойишталикка эришган ҳолда инсон ва унинг қадр-қимматини олий даражага кўтариш, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шароитлар яратиш, қонун устуворлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди давр талабидан келиб чиқиб, соҳада қабул қилинаётган қонунлар амалиётда тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида тегишли қонуности ҳужжатларини такомиллаштириш асосида ягона суд амалиётини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратаётир.

Алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулки ёхуд мулкий ҳуқуқини қўлга киритишдан иборат фирибгарлик мулкка қарши қаратилган жиноятлар ичида энг кўп тарқалган иллатлардан биридир. 2009 йил 24 июлда қабул қилинган “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарор бугунги кунга қадар суд амалиётида ушбу тоифадаги ишларни кўришда юзага келаётган муаммоларни ҳал этишда амалий қўлланма вазифасини ўтамоқда.

Маълумки, соҳага оид янги қонунлар ва уларга киритилган ўзгартиришларнинг тўғри татбиқ этилиши жараёнида фирибгарликка оид ишлар бўйича тергов – суд амалиётида бир қатор муаммолар юзага келгани муносабати билан жорий йил 11 октябрда амалдаги пленум қарори янги таҳрирда қабул қилинди.

Қарорда асосий эътибор фирибгарлик жиноятларини квалификация қилиш, ушбу тоифадаги жиноятларни фуқаролик ва иқтисодий-ҳуқуқий муносабатлардан фарқловчи белгиларини аниқлашга оид тушунтиришлар берилиб, бошқа шу каби долзарб масалалар ечимини ҳал этишга қаратилган.

Пленум қарори амалдаги қонун нормаларини аниқ ва бир хилда қўллаш орқали ягона суд амалиётини шакллантиришга қаратилган. Ўз навбатида, мазкур ҳужжат фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, одил судлов самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Кейинги йилларда ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан талон-тарож қилиш жинояти кўрсаткичи сезиларли даражада ўсиб бормоқда. Масалан, статистик маълумотларга кўра, Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти судларида 2016 йилнинг 9 ойида фирибгарлик билан боғлиқ 244 жиноят иши кўрилган бўлса, 2017 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 351 тани ташкил қилган, яъни, 43,9 фоиз кўпайган. Албатта, айбдорларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланмоқда.

– Жиноятнинг олдини олиш долзарб вазифа ҳисобланади, – дейди Жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси И.Муслимов. – Шунинг учун ҳам биз ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан ҳамкорликда фуқаролар, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида профилактик тадбирларга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Шунингдек, турли жиноий ишларни жамоатчилик иштирокидаги сайёр судларда кўриб чиқиш амалиётидан кенг фойдаланилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида жойларда фирибгарлик билан боғлиқ 70 дан зиёд иш сайёр суд мажлисларида муҳокама этилди.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
2 532






Все о погоде - Pogoda.uz