Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.08.2017 15:43 Чоп этиш версияси

Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан 13-17 август кунлари Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларининг барча туман ва шаҳарларида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллиги муносабати билан “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остидаги “Ёшлар поезди” тарғибот акцияси ўтказилмоқда.

Акцияни ташкил этишдан мақсад – Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг мақсад ва вазифаларини тарғиб этиш, ёшларни мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий жараёнлар, демократик ўзгаришлар билан яқиндан таништириш, уларда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини шакллантириш ва ижтимоий фаоллигини ошириш, давлатимиз томонидан ёшларга яратиб берилган имкониятлар, шарт-шароитларни ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш, ёшлар ўртасида боқимандалик кайфиятини йўқотиш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оила фарзандларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга кўмаклашишдан иборат.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ўтказилаётган акцияда ёш олим ва мутахассислар, шоир ва ёзувчилар, кино ва театр актёрлари, эстрада хонандалари, тадбиркорлар, спортчилар, ижтимоий соҳа ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, Ёшлар иттифоқи фаоллари ва “Камалак” болалар ташкилоти сардорларидан иборат тарғибот гуруҳлари барча ҳудудларга чиқиб, тарғибот тадбирларида қатнашмоқда.

Тадбирларда мамлакатимизда қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатларининг мазмун-моҳияти, ёшлар ўртасида ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, диний ақидапарастликнинг олдини олиш ва ёшлар ўртасида тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш, бандлик муаммосини ҳал этишга оид амалий ва консультатив кўмак бериш мавзуларида очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан тарғибот гуруҳи аъзолари иштирокида олис қишлоқлардаги таълим муассасалари, маҳаллалар, ҳарбий қисмлар ва касалхоналарга китоблар совға қилинмоқда.

Маҳаллалардаги имконияти чекланган, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандларига совғалар топширилмоқда, улар тажрибали шифокорлар жалб қилинган ҳолда тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.

Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри, “Ўзбеккино” миллий агентлиги актёрлари томонидан спектакллар намойиш этилмоқда. Таниқли санъаткорлар ва ёш ижрочилар иштирокида концертлар уюштирилмоқда.

Нурилло Насриев, ЎзА
6 692






Все о погоде - Pogoda.uz