Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.12.2017 12:07 Чоп этиш версияси

Фидокорона меҳнатнинг муносиб эътирофи

Фидокорона меҳнатнинг муносиб эътирофи Ўзбек Миллий академик драма театрида фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат, маънавият ва маърифат, оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий соҳанинг бошқа йўналишларида меҳнат қилаётган юртдошларимиздан бир гуруҳига давлатимизнинг юксак мукофотларини топширишга бағишлаб тадбир ўтказилди.

Орамизда шундай инсонлар борки, улар қалбида Ватанни севиш ҳисси янада чуқур акс этган. Бундай одамлар юрт ғамини еб, эл дарди-ташвиши билан яшайди. Улар хоҳ ўқитувчи, хоҳ шифокор, хоҳ оддий ишчи, хоҳ ижодкор бўлсин бетиним меҳнат қилмоқда, мамлакатимиз равнақи йўлида бор кучи, иқтидорини сарфламоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган тараққиётнинг янги босқичида бундай инсонлар сафи янада кенгайди.



2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида ана шундай юртдошларимиздан бир гуруҳи давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди.

Тадбирда сўзга чиққанлар Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, миллий ғояни ривожлантириш, маънавиятимизни кучайтириш, ёшларни она юртга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш йўлидаги самарали хизмати, жамоат ишларидаги фаол иштироки учун фахрий унвонлар ва орденлар билан тақдирланган юртдошларимиз барча учун ибрат эканлигини қайд этди.

Ана шундай юксак эътирофга сазовор бўлганлар орасида «Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйининг 6-разрядли чоп этувчиси Юсуфжон Эргашев ҳам бор. «Меҳнат шуҳрати» орденини кўксига таққан бу инсон салкам қирқ йилдан бери шу соҳада меҳнат қилиб келмоқда. Шундай экан, бирон ўзбек хонадони бўлмаса керакки, у чоп этган китоблар кириб бормаган бўлса. Энг муҳими, матбаа устасининг касбга садоқати, ишга талабчанлиги, юқори касб малакаси бугун кўплаб шогирдларига тажриба мактаби бўлмоқда.



– Ўтган йиллар давомида музейимизга келган меҳмонларни таҳлил қилганимизда, уларнинг аксарияти ёшлар эканлиги аниқланди, – дейди Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори, «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» фахрий унвони соҳибаси Ж.Исмоилова. – Бу эса бугун музейлар ёшларни маданий, тарихий, ўтмиш, илм-фан ёдгорликлари, халқимизнинг турмуш тарзи ва анъаналари, санъат асарлари билан таништириш, уларда ватанпарварлик туйғусини юксалтиришга хизмат қилаётганидан далолатдир.

Ўзбекистон Фанлар академиясининг Геномика ва биоинформатика маркази директори ўринбосари Забардаст Бўриев «Шуҳрат» медали билан тақдирланди.

– Давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимизда илм-фан ривожланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди олим. – Бунинг самарасида бизнинг марказ ҳам янги бинога эга бўлди, энг замонавий лаборатория асбоб-ускуналари билан жиҳозланди. Натижада марказимизда жаҳонда биринчи бўлиб янги «ген нокаут» технологияси яратилиб, дунёнинг 140 дан ортиқ мамлакатида патентланди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов сўзга чиқди.

Малоҳат Ҳусанова, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА
2 259






Все о погоде - Pogoda.uz