Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.02.2017 16:20 Чоп этиш версияси

Фаровонликка йўналтирилган сармоялар

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 10-11 февраль кунлари Сурхондарё вилоятига ташриф буюриб, ҳудудда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ҳамда йирик лойиҳалар билан танишиб, халқ билан мулоқот қилди. Бу воҳа аҳлига катта мамнуният бағишлади.

– Мазкур ташриф давлатимиз раҳбарининг сайловолди дастурида белгилаб берилган устувор вазифалар изчиллик билан амалга оширилаётганини яққол намоён этди, – дейди Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Сурхондарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Рустам Норлиев. – Ёшу кексанинг Ватан тарақққиётига дахлдорлик туйғусини, эртанги обод, фаровон турмушимизга ишонч ҳиссини янада юксалтириб, янги марралар сари руҳлантирди. Аграр тармоқда юз бераётган янгиланишлар, истиқболли лойиҳалар асосида барпо этилаётган янги корхоналар, арзон, замонавий ва шинам турар жойлар, таълим, тиббиёт, маданият ва соғломлаштириш масканлари ҳудуднинг ривожланиш суръатлари ва қиёфасини тубдан ўзгартирмоқда. Бундай улуғвор ишлардан қувонмай, фахрланмай бўладими, ахир.

Мамлакатимизда етиштирилаётган мева-сабзавотнинг 11 фоиздан зиёди сурхондарёлик миришкорлар ҳисобига тўғри келади. Вилоят қишлоқ хўжалигини модернизация ва диверсификация қилиш ишлари давом эттирилиб, турли озиқ-овқат экинлари етиштириш, уни қайта ишлаш саноатини кенг ривожлантириш, экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқарадиган замонавий корхоналар барпо этишга эътибор кучайтирилаётгани нафақат вилоят, балки мамлакатимиз аграр соҳасини янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Маълумотларга кўра, вилоятда ўтган йили барча тоифадаги хўжаликларда 966 минг тоннадан ортиқ сабзавот, 154,5 минг тонна мева, 208 минг тоннага яқин полиз, 135,5 минг тонна узум етиштирилди. Воҳада экспортбоп табиий, сервитамин озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш, уларни замонавий технологиялар асосида қайта ишлаш, хорижга экспорт қилиш аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни муносиб иш ўринлари билан таъминлаш билан бирга миллий иқтисодиётимизни янги босқичда ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Термиз туманида сабзавот маҳсулотлари етиштириб, уларни экспорт қилишга ихтисослашган “Gold Agro Fresh” агрофирмаси, Ангор туманида қурилаётган "Angor Gold Fruits", Жарқўрғон туманида қурилиши режалаштирилаётган “Фабулло строй сервис” масъулияти чекланган жамиятларида мева-сабзавот етиштириш, сақлаш ва қайта ишлаш лойиҳалари амалга оширилмоқда.

– Замонавий иссиқхонамизда йилига 30 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилишни режалаштирганмиз, – дейди “Gold Agro Fresh” агрофирмаси раҳбари Фарҳод Шеров. – Иссиқхона тўлиқ ишга тушгач, ер майдони 100 гектардан ошади. Ҳозир дастлабки 20 гектарда помидор, гулкарам, брокколи, рукколо ва ялпизнинг харидоргир навлари баравж ривожланмоқда. Президентимиз вилоятга сафари давомида фаолиятимиз билан танишиб, маҳсулотларимизнинг турини кўпайтириш, бу ерда анор, лимон етиштиришни йўлга қўйиш, жамоамиз аъзолари меҳнатини янада рағбатлантириш борасида қатор кўрсатмалар берди.

Вилоятда изчиллик билан амалга оширилаётган бундай замонавий лойиҳалар аграр тармоқнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириб, халқимизнинг тобора ўсиб бораётган талаб ва эҳтиёжларини тўла таъминлашга хизмат қилади.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
800






Все о погоде - Pogoda.uz