Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.12.2017 15:14 Чоп этиш версияси

Фармон ва ижро: Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолати кучайтирилди

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 30 ноябрдаги “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг Конституцияда кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган механизмларни янада кучайтириш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Олий судида бўлиб ўтган йиғилишда мазкур фармондан келиб чиқадиган устувор вазифалар, ушбу ҳужжатнинг амалий ижросини таъминлашда судларнинг ўрни ҳақида сўз юритилди.

Олий суд раисининг ўринбосари Х.Ёдгоров ва бошқалар мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ишончли кафолатларини таъминлашга, қонуний манфаатлари чекланишига йўл қўймасликка қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг соҳага оид фармонида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органларининг эътибори амалдаги қонун талабларига қатъий ва оғишмай риоя этишга қаратилган. Бу судлар зиммасига алоҳида масъулият юклаб, ҳар бир судьядан ҳуқуқий билими, дунёқарашини кенгайтириб боришни, ўз фаолиятига талабчанлик билан қарашни талаб этади.

Фармонда қайд этилган муҳим янгиликлардан бири асосий процессуал ҳаракатларни мажбурий тарзда видеога қайд этиш тартибини жорий этишнинг белгиланганидир. Бу, ўз навбатида, далилларни тўплаш ва мустаҳкамлашда қонунийлик ва холисликни таъминлашда муҳим ўрин тутади. Ўта оғир жиноятлар бўйича ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш, шунингдек, тинтув, кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш ва тергов эксперименти бундай ҳаракатларга киритилди.

Бундан ташқари, ҳозирги вақтга қадар ҳимоячи далиллар эмас, балки далил сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган маълумотларни тўплаш ҳуқуқига эга эди. Бундай ҳолат судда ишларни юритишда тортишув принципи бузилишига олиб келаётганди. Шунинг учун фармон талабига кўра, ҳимоячига жиноят иши материалларига қўшиб қўйилиши шарт бўлган далилларни тўплаш ва тақдим этиш ҳуқуқи берилиши ҳам инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатли ҳимоясига хизмат қилади.

Олий суд, Тошкент шаҳар ва вилояти судлари судьялари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашган тадбирда давлатимиз раҳбарининг ушбу фармони фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлаш, адолатни қарор топтиришга қаратилган туб ўзгаришларнинг янги ва янада юксак босқичини бошлаб бергани алоҳида қайд этилди.

Норгул Абдураимова, ЎзА
1 838






Все о погоде - Pogoda.uz