Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.12.2017 16:33 Чоп этиш версияси

Фармон ва ижро: Ҳеч ким эътибордан четда қолмайди

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташаббуси билан ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришда партия ташкилотларининг иштирокига бағишланган амалий семинар ўтказилди.

Ўзбекистон ХДП марказий кенгаши раиси ўринбосари У.Вафоев, Ўзбекистон ногиронлар жамияти раҳбари К.Абдуллаев, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти раиси А.Мирҳамидов ҳамда Ўзбекистон карлар жамияти раиси Ж.Рихсиев мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг турмуш даражасини янада яхшилаш, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, уларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятдаги фаол позициясини шакллантиришга кўмаклашиш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш йўлида самарали ишлар қилинаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 1 декабрдаги «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бу борадаги ишларни янада изчиллик билан амалга оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Жорий йилда Ўзбекистон ХДП марказий кенгаши ва унинг Олий Мажлисдаги фракцияси томонидан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш ва жамиятдаги фаоллигини ошириш юзасидан 60 дан ортиқ аниқ таклиф ишлаб чиқилиб, комиссияга топширилди.

– Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган мазкур фармонда белгилаб берилган вазифалар ижросига партиянинг барча фаолларини сафарбар қилиш, уларнинг фаоллигини ошириш партиямиз олдида турган муҳим вазифа ҳисобланади, – дейди Ўзбекистон ХДП марказий кенгашининг масъул ходими Улуғбек Раҳмонов. – Бугунги семинарда мазкур йўналишдаги чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш бўйича қатор масалалар муҳокама қилинди ва тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Гулноза Бобоева, ЎзА
1 539






Все о погоде - Pogoda.uz