ЎзА Ўзбек

31.01.2019 Чоп этиш версияси

Фариштасиймо икки қизалоғининг жонига қасд қилган “ОНА”

Фариштасиймо икки қизалоғининг жонига қасд қилган “ОНА”
ЁХУД ЮРАКЛАРНИ ТИТРАТГАН ВОҚЕА

Ўтган ҳафтада интернет сайтларида Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида содир этилган аянчли воқеа хусусида қисқача тафсилотлар берилган ва у омма орасида шов-шувга сабаб бўлган эди. Таҳририятимиз томонидан мана шу воқеа батафсил ўрганилиб, эътиборингизга ҳавола этилмоқда.

Айни вақтда ўттиз ёшни қоралаган Насиба Хўжақулованинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) биринчи турмуши бўлмади. Ажрашиб, бир қизи билан ота уйига қайтиб келди. У иккинчи марта холасининг ўғли Анвар Раҳмонов билан шаръий никоҳ асосида оила қурди. Анвар Россияда ишлагани учун ўз уйидан кўра ўша ўлкаларда кўпроқ бўларди. Насибага уйлангач, бир ҳафта яшаб, яна ишига қайтиб кетди. Турмуш ўртоғи биринчи турмушидан кўрган қизи Бахтигул билан қолади. 

Анварнинг ота-онаси унинг биринчи турмушидан бўлган қизини унчалик хушламасди. Лекин келини қизини олиб кетиб қолса, ўғли чет элдан келмай қўйишини билиб, у билан яшашга мажбур эди. Анвар яқин орада янги келинчакдан хабар олмади. Насиба эрининг Россияда бошқа хотини борлигини эшитиб, хўрлиги келди. Ота уйига қайтишига эса холаси қўймади. Шундан сўнг у ушбу “дард“ гирдобида азобли кунларни бошдан кечиради. 

Бир куни қайнакасининг ўғли Нурали Илашов билан дилдан суҳбатлашиб қолди. Гап орасида ичидаги дарду ғуборларни тўкиб солди. Нурали янгасининг гапларини эшитиб, индамай кетмади. Унга ғамхўрлик қилишини айтиб таскин берди. Шу кундан бошлаб улар тез-тез қўнғироқлашиб, “Telegram“ ижтимоий тармоғида “смс“ ёзишадиган бўлишди. Бора-бора бу муносабат чуқурлашиб, зинога айланди. 

Қизи қайнота-қайнонаси билан бирга ётиши, Насибанинг ётоқда ёлғизлиги Нурали учун айни муддао эди. У ярим тунда дераза орқали янгасининг ётоғига кирарди. Қалб кўзлари мудроқ бу икки манқурт туни билан ишқий муносабатда бўлиб, ҳеч нима кўрмагандек юраверарди. Орадан етти ой ўтиб, Анвар Россиядан келди. Бир ой яшаб, яна изига қайтди. Насиба ўзидан етти ёш кичик бўлган Нурали билан ишқий муносабатларини узишни истамасди. Бу орада у яна қизчали бўлди. Қизи Маҳлиёнинг томирида Нуралининг қони оқаётганини Насиба яхши биларди ва бу ҳақда йигитни ҳам хабардор қилганди. 

Кўза кунда эмас, кунида синади, деганларидек, бир куни тун қўйнида “эр-хотин“ бўлган бу кимсалар муносабатларининг миси чиқди. Ўша куни қайнонаси катта қизини олиб тўйга кетганди. Кечаси ҳовлида юрган қайнота ўғлининг ётоғига дераза ошиб кираётган Нуралини сезиб қолди. Бу ҳолат унинг бу ҳовлидан қадами узилишига сабаб бўлса-да, телефондаги алоқага чек қўёлмади.

Насибанинг ичига ғулғула тушди. Ҳадемай, хуфиёна муносабатларини оиланинг бошқа аъзолари ҳам билиб қолишидан хавотирда эди. Хаёлан минг хил режа тузиб кўрди. Шундай тубсиз ўйлар қуршовида юрган пайти Нурали билан “Telegram“да ёзишди. “Телефонингдаги ёқмаган расмларни ўчириб ташладим“, деди Нурали. (Насиба иккита телефон тутар, биттаси Нурали учун эди.)
У Насибанинг катта қизи Бахтигулнинг расмларини ўчириб ташлаганди.

“Шу қизинг катта бўлса, у билан юраман ёки бошқаларга улашаман“, деб ёзди. Хабарни ўқиган аёлнинг тепа сочи тикка бўлди, ғазаби қайнади. “Агар шундай қилсанг икковингни ҳам сўйиб ташлайман“, деди. Ушбу “смс“ сабаб улар жанжаллашиб қолади.

Насибанинг сабри етмади. Орадан кўп ўтмай кечирим сўраб Нуралига “смс“ хабар йўллади. Нурали унга жавобан “Сени кечираман, лекин катта қизинг борасидаги гапимдан қайтмайман“, деди. Насибанинг оёқ-қўли ғазабдан титради. “Сенга эрмак учун бериб қўйгандан кўра, ўз қўлим билан ўлдириб қўйганим афзал, бир уни эмас сени қизингни ҳам, ўзимни ҳам ўлдираман“, деди. Унга жавобан “Ишдан чиқиб бораман, ўзим ўлдираман“, деди Нурали. 

Насиба ошхонадан рўзғорда ишлатадиган пичоқни ётоқхонасига киритиб қўйди. Қайнота-қайнонаси ухлагач, улар ёнида ширингина пишиллаб ухлаётган Бахтигулни ўз ётоғига келтириб ётқизди. 

111.PNG

Бу сатрларни ёзар эканман, бир гап ёдимдан ўтди. Айтишларича, она фарзандини дунёга келтираётган маҳал икки дунё ўртасида турар экан. Бу гап фарзандни дунёга келтирар пайтда чеккан дард нақадар азобли эканига ишора бўлса, не ажаб?! Шу боис аёлнинг бир ажали бола билан дейишади. Насибанинг қабоҳатга қўл уришига нима сабаб? Рашкми? Қўрқувми? Нима бўлганда ҳам ўз жигарпорасини, бир эмас, икки норасидани нобуд қилиш... Ҳайвон ҳам бу ишни қилмайдику!!! Эсиз она деган ном, садқайи аёл. 

Қайнона ёнидаги невараси йўқлигини билиб қолди. Келиб қолар деб бироз кутди. Аммо келавермагач, турмуш ўртоғини уйғотди. Онаси билан ётгандир, деб Насибанинг эшигини тақиллатди. Ичкаридан садо чиқмади. Эшик ойнасини бузиб, ичкарига киришди. Улар бу ердаги манзарани кўриб донг қотди. Икки норасида ва уларнинг онаси қонга беланиб ётарди.

Ўша тун Нурали дераза оша кирганда, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ваҳшийлик рўй берган эди.
Нурали ўзининг турли гаплари билан ушбу мудҳиш фожиага сабабчи бўлди. Буни англаган Н.Илашов содир этган қилмиши ошкор бўлмаслиги учун Насибанинг қўл телефонини олиб, воқеа жойидан қочиб кетади. Ўзи ва аёлнинг телефонидаги қўнғироқлар, “Telegram“ ижтимоий тармоғи орқали ёзишган хабарларини ўчириб, изларни йўқотди.

Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, ҳали етти ёшга тўлмаган Бахтигулга 12 маротаба, бир ёшга ҳам тўлмаган Маҳлиёга эса 5 маротаба пичоқ урилган экан. Етказилган тан жароҳатлари норасидаларнинг ҳаётдан кўз юмишига сабаб бўлган. Онаси эса... 

Аниқланишича, Насиба аввал қизларига, кейин эса ўзига пичоқ урган. Бироқ унинг жони омон қолди. Икки дилбандининг умрини хазон қилгани қолди. 
Суд ҳукми билан Насиба 13 йил, Нурали 17 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. 
Улар энди номига туширган бу тавқи лаънатни умрбод елкалаб юришга мажбур. Оғир гуноҳга ботган бу кимсаларни инсон дейишга тил бормайди, вақт ўтиб, улар озодликка чиқар, аммо...

Манба: “Huquq” газетаси

10 339
ЎзА