ЎзА Ўзбек

05.06.2019 13:59 Чоп этиш версияси

“Фара”ларни ёқиб юриш талаби кимлар учун амалда, кимлар учун узайтирилди?

“Фара”ларни ёқиб юриш талаби кимлар учун амалда, кимлар учун узайтирилди?

Хабарингиз бор, сайтимиз орқали 30 май куни чоп этилган “Автомототранспорт воситалари учун кундузи чироқларини ёқиб ҳаракатланиш мажбурийлиги қайта кўриб чиқилмоқда” номли мақолада Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Акрамхон Бобохонов “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 138-банди (кундузи чироқ ёқиб юриш мажбурийлиги) қайта кўриб чиқилаётгани ҳақида айтиб ўтган эди.

Маълумки, Ҳукуматнинг 9 апрелдаги қарори билан барча транспорт воситаларига чироқларни кундузи ёқиб юриш бўйича талаб қўйилган.

Тартиб жорий этилгандан сўнг ўтган давр давомида Ички ишлар вазирлиги томонидан Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда ушбу тартиб таҳлил қилинди ҳамда тегишли лойиҳа май ойининг бошида Ҳукуматга киритилган.

Қабул қилинган Ҳукумат қарорига мувофиқ “фаралар” бўйича қатъий талаб ҳайдовчиларга эмас, ишлаб чиқарувчиларга қўйилади.

Яъни қарорга кўра, 2021 йил 1 январга қадар кундузи чироқларни ёқиб ҳаракатланиш шартлиги тўғрисидаги талаб фақатгина автоматик ёниб турувчи кундузги чироқлари бор машиналарга нисбатан татбиқ этилади.

2eae0ff8-21c8-417d-8fb7-1daaa4e21ab7.png

Шунингдек, автомобиллар қуйидаги ҳолатларда ҳам чироғини ёқиб юришга мажбур:

• транспорт воситалари ташкилий жамланма (колонна) сафида ҳаракатланаётганда;

• йўловчиларни ташиётган автобус ва йўналишли транспорт воситаларида;

• болалар гуруҳини ташкилий ташишда;

• хавфли, катта ўлчамли ва оғир вазнли юкларни ташишда;

• механик транспорт воситаларини шатакка олишда (шатакка олиб кетаётган транспорт воситасида);

• мотоцикл ва мопедларда.

2020 йил 1 январдан бошлаб ички бозор учун ишлаб чиқарилаётган автомобилларга сутканинг ёруғ вақтида автоматик ёнадиган чироқлар ўрнатиш мажбурий этиб белгиланади. Импорт автомобилларнинг ҳам шундай автоматик ёнадиган чироқлари бўлмаса, мамлакат ичкарисига олиб кирилишига рухсат берилмайди.

Ҳукумат топшириғига асосан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам ташқи ёритиш асбобларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жарима миқдорини камайтиришга оид тегишли Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Таъкидлаш ўринлики, www.uza.uz сайтида аввалроқ автомобил чироқларини кундузи ёқиб юришга оид 

       “Автомобилдан сақланинг: Кундузги чироқ “неча пул”га тушяпти?”, 

   “Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари автомобилларнинг кундузи чироқ ёқиб юришларига қарши чиқмоқда”,

   “Автомобиль чироқларини кундузи ёқиб юриш иқлимимизга тўғри келмайдими?”, 

   “Яна автомобиль чироқлари ҳақида – норозиликлар авжида, қарорга ўзгартириш киритиладими? (видео)”

   “Автомобиль чироқлари савдоси авжида: Кимлар фойда кўзлаган?.. (видео)”, 

   “Адлия вазирлиги: Депутатлар нега машина чироқлари билан боғлиқ баҳсда ўзларини ўзлари инкор қилмоқда?”

 каби материаллар эълон қилинган эди.

ЎзА
22 016