Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.12.2017 18:45 Чоп этиш версияси

Фарғонанинг томорқачилик мактаби

Фарғонанинг томорқачилик мактаби Ҳамкасбимиз Расул ака яқинда янги автомашина олди. Барчамиз уни қутлаб, “Шунча вақт емай-ичмасдан йиғиб юрган экансиз-да”, деб ҳазиллашдик.

– Бу машинани менга мана шу томорқа олиб берди. Бўш вақтимда бутун оила шу ерда меҳнат қилдик. Йилнинг тўрт фаслида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирамиз, мана шу менинг даромадим. Тўйлар ҳам шунинг ҳисобидан бўлмоқда, – деди Расул Камолов юзида мамнунлик ифодаси уфуриб.

Риштон тумани Амиробод қишлоғида яшовчи Расул ака ўз томорқасида бодринг, помидор ва кўкат етиштириш билан шуғулланишини билардик. Мўъжазгина томорқасидан яхши даромад олаётганини билиб, унга ҳавасимиз янада ортди.

8.JPG

Деҳқончилик ҳам бир илм. Шундай томорқачилар ишини кўриб, "Иш билганга – минг танга" деганлари мана шу бўлса керак, дегинг келади. Ёши катта юртдошларимиз яхши эслайди, бир пайтлар томорқасида етиштирган маҳсулотини сотаман деб, қўлига кишан солинганлар қанча эди. "Оила даромади" деган тушунчалар йўқ эди. Мустақиллик туфайли ўз эркимизга, ўз еримизга эга бўлдик. Бугун томорқачиликда ўзига хос мактаб яратиб, яхши даромад топаётган минглаб оилалар фаровон ҳаёт кечирмоқда. Фарғона вилоятининг Олтиариқ, Риштон, Бешариқ, Қува сингари туманлари қишлоқларида кўплаб оилалар кафтдек ердан самарали фойдаланиб, оиласини фаровон қилмоқда, бозорни арзон ва сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминламоқда.

Вилоятда аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни ташкил қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар асосида иш олиб борилмоқда. Бугун вилоятдаги 573 минг 300 хонадон ихтиёрида 40,7 минг гектар томорқа ер майдони мавжуд. Малакали мутахассислар ҳамроҳлигида хонадонма-хонадон юрилиб, томорқанинг битмас-туганмас даромад манбаи экани юзасидан тушунтириш олиб борилди. Тижорат банклари айни йўналишга 166 миллиард сўмдан ортиқ имтиёзли кредит ажратди. Тегишли хизмат кўрсатувчи субъектлар томонидан аҳоли томорқасидаги қишлоқ хўжалиги экинлари парвариши учун талаб этиладиган барча моддий-техник ресурслар ўз вақтида етказиб берилди. Йил бошидан буён 3 минг 739 гектар ерга пиёз, 4 минг 275 гектарга кўкат, 4 минг 153 гектарга саримсоқпиёз, 3 минг 383 гектарга сабзи, 10 минг 713 гектарга картошка, 1 минг 844 гектарга карам, 4 минг 735 гектарга помидор, 4 минг 17 гектарга бодринг, 2 минг 298 гектарга шолғом ва турп, 1 минг 505 гектарга бошқа турдаги экинлар экилиши таъминланди.

1.JPG

Бугун ишнинг кўзини биладиган, меҳнатдан қочмайдиган киши томорқасидан унумли фойдаланиб, баракага эришмоқда. Фақат ҳаммаси мақсаднинг тўғри қўйилгани ва ерга бўлган муносабатга боғлиқ. Олтиариқ тумани ҳақида сўз борганда "томорқадан зўр фойда топадиганлар", дейишади. Чиндан ҳам шундай. Оддий қилиб айтганда, улар бекор ўтиришни ёқтирмайди. Бугунги кунда тумандаги 72 маҳалла фуқаролар йиғинида бу борадаги ишлар яхши йўлга қўйилган. Қиш фасли бошланган бўлса ҳам, бекорчи одамни учратмайсиз. Кимдир турп, сабзи экаётган бўлса, бошқаси кўчат парвариши билан банд.

Янгиқўрғон маҳалласида уч мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Аксарияти томорқасида иссиқхона ташкил қилиб, ундан самарали фойдаланмоқда. Аҳоли, айниқса, кўкат, лимон, помидор, булғор қалампири, бодринг етиштириш ҳадисини олган. Солижон Жалилов, Юрсинали Замонов, Назиржон Тошпўлатов, Абдумажид Каримов, Баҳромжон Холматов кабиларнинг тажрибаси, эришган ютуқлари маҳалладошларга ўрнак бўлаётир. Ҳалол меҳнатдан топилган даромаднинг роҳати ҳам, завқи ҳам бошқача бўлади.

3.JPG

– Томорқачилик тўкин-сочинлик, фаровонлик манбаи эканини маҳалла аҳли яхши билади, – дейди "Янгиқўрғон" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Рустам Каримов. – Аксарият хонадонлар кафтдеккина томорқадан йилига уч-тўрт бор ҳосил олади, деҳқончиликнинг самарали усуллари тезда оммалашади. Томорқада асосан эртапишар картошка, карам, помидор, сабзи, пиёз ва турли кўкатлар етиштирилади. Жорий йилнинг ўзида 15 хонадонда лимончилик йўлга қўйилди. Камчиқим, аммо сердаромад ҳосил олишнинг ушбу интенсив усули ортидан тўкин яшаётган, эл-юртга наф келтираётган миришкорлар сафи кенгаймоқда.

Ушбу маҳаллада яшовчи Юрсинали Замоновлар оиласи томорқадан унумли фойдаланишда кўпчиликка ибрат. Хонадон эгалари томорқада асосан сабзавот, кўкат етиштиради. 10 сотих иссиқхонада эса лимон етиштириш йўлга қўйилган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу йил томорқадан 15 миллион сўмдан зиёд фойда олинди.

– Помидор етиштиришни ҳам режалаштириб турибмиз, – дейди Ю.Замонов. – Бундан уч-тўрт йил олдин иссиқхонамиз кичкина эди. Уни кенгайтириб, экинлар турини кўпайтирдик. Келинларим, фарзандларим ёнимда. Ҳозир шунинг орқасидан рўзғоримиз бут. Невараларимни ўқитяпман. Янги иморат солдик. Оиламиздаги файз-барака ҳаммаси ҳалол меҳнатимиздан. Худога шукр, юртимиз тинч-осойишта бўлгач, орзу-ниятларимиз амалга ошади-да. Фақат хоҳиш ва истак бўлса, бўлгани. Бундан ташқари, давлатимиз томонидан тадбиркорлик қўллаб-қувватланмоқда. Бу имкониятларимизни янада кенгайтиради.

Мутахассисларнинг фикрича, бир сотих ерда картошка парваришлаб, рисоладагидек ишлов берган деҳқон 450-500 килограмм, пиёздан 600-650 килограмм, сабзидан 600-650 килограмм, помидордан 800-900 килограмм ҳосил олиши мумкин экан. Бошқа экинлар мисолида ҳам ана шундай аниқ рақамлар бисёр.

Энди йил давомида ердан уч мартагача ҳосил олиш мумкинлигини инобатга олсак, томорқа чинакам хазина эканига яна бир карра амин бўламиз. Айниқса, маҳсулот қанча эрта етиштирилса, уни сотиб кўпроқ даромад олиш имконияти ҳам ошади. Буни яхши англаган уддабурон томорқачилар эса экинни плёнка остида экиш, иссиқхона шароитида парваришлаш технологиясидан кенг фойдаланмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 9 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда 10 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

“Томорқа – қўшимча даромад манбаи!” шиорини қишлоқ аҳолиси орасида кенг тарғиб қилиш ҳамда ер эгаларининг кундалик фаолиятига айлантириш бугун муҳим вазифалардан биридир. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида бу борада салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Шаҳар ва туманларда тузилган ишчи гуруҳлар ҳар бир хонадонга кириб, ердан фойдаланишдаги самарали усуллар, имтиёзли кредитлар ажратиш, томорқа эгаларига арзон нархларда уруғлик ва мевали дарахт кўчатлари, минерал ўғит ҳамда кимёвий препаратлар етказиб бериш каби масалалар бўйича тушунчалар бермоқда, бу борада мавжуд муаммолар ўрганилиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Ҳар бир оилада ўтказилган мулоқотлар, табиийки, ўз самарасини кўрсатмоқда: чорвачилик, паррандачилик, иссиқхона, боғдорчилик, асаларичилик каби йўналишлар ташкил этилмоқда.

Мухтасар айтганда, ҳудудларда томорқачилик маданияти юксалиб бораётгани нафақат аҳоли бандлигини таъминлаш, балки оилалар фаровонлигини юксалтириш, пировардида иқтисодиётимиз тараққиётига хизмат қилаётир.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
1 999






Все о погоде - Pogoda.uz