Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.01.2018 18:33 Чоп этиш версияси

Андижонда ҳам ихтирочи аёллар бисёр

Андижонда Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Ихтирочи аёллари уюшмаси томонидан ўтказилаётган “Ўзбекистон аёлларининг 100 энг яхши инновацион лойиҳаси” I республика танловининг вилоят босқичида сараланган лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди.

– Инновацион лойиҳа ва ишланмаларни ҳаётга татбиқ этиш, уларнинг муаллифларини рағбатлантириш, қўллаб-қувватлаш, илмий-тадқиқот ишлари олиб боришига кўмаклашиш мақсадида ўтказилаётган танлов доирасидаги тақдимотда 106 инновацион ғоя, лойиҳа ва ишланмалар намойиш этилди, – дейди Ихтирочи аёллар уюшмаси вилоят бўлими раиси Маҳфуза Юсупова. – Опа-сингилларимиз томонидан намойиш этилган лойиҳа ва ишланмаларнинг аксарияти мутахассислар томонидан яхши баҳоланди.

Ёш олималар, докторант, ўқитувчи, истеъдодли талаба ва ўқувчи қизлар, ихтирочи, муҳандис, конструктор, дастурчи, рационализатор, мутахассис, тадбиркор хотин-қизлар томонидан тақдим этилган ўзига хос инновацион лойиҳа ва ишланмалар кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, Андижон қишлоқ хўжалиги институтининг қишлоқ хўжалик иқтисодиёти кафедраси катта ўқитувчиси Барнохон Раҳмонованинг “Балиқни қайта ишлаш ва консервалаш”, Мева-сабзавотчилик ва маҳсулотларни қайта ишлаш технологияси кафедраси ассистенти Ҳавасхон Йўлдошеванинг “Фарғона водийси шароитида зайтун етиштириш агротехникаси” лойиҳалари, Андижон давлат тиббиёт институти қошидаги академик лицей ўқитувчилари Башоратхон Низомова ҳамда Нозима Қорабоева томонидан таклиф этилган “Таълим жараёнида илғор технологиялардан фойдаланиш орқали ўқувчилар билимини ошириш, фанларни осон ўзлаштиришнинг инновацион усули” ишланмаси иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Экспертлар кенгаши томонидан энг яхши деб топилган 10 дан ортиқ лойиҳа танловнинг мамлакат босқичига тавсия этилди.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
9 480