ЎзА Ўзбек

12.06.2019 17:14 Чоп этиш версияси

Фарғонадаги оромгоҳларда ўқувчилар қандай ҳордиқ чиқармоқда?

Фарғонадаги оромгоҳларда ўқувчилар қандай ҳордиқ чиқармоқда?

Ёз – 2019 

Фарғона вилоятидаги 21 та доимий оромгоҳда ўқувчилар ёзги таътил кунларини мароқли ўтказмоқда.

Вилоят ҳокимлиги, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, прокуратураси, халқ таълими, адлия, ички ишлар, жисмоний тарбия ва спорт, маданият бошқармалари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида оромгоҳларда ўқувчиларнинг мазмунли дам олиши, янги ўқув йилига пухта тайёргарлик кўриши учун барча шароит яратилган.

Биринчи мавсумда 3 мингдан зиёд бола ана шу оромгоҳларга қамраб олинди.

Шу кунларда вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши аъзолари белгиланган чора-тадбирлар режасига асосан оромгоҳларга ташриф буюриб, шароитларни ўрганмоқда, дам олувчилар билан учрашувлар ўтказмоқда. Жумладан, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашига қарашли “Ҳумо” болалар ёзги оромгоҳи фаолияти билан танишди.

300 ўринга мўлжалланган мазкур оромгоҳнинг 29 нафар педагог-ходимдан иборат жамоаси болаларнинг кўнгилли ҳордиқ чиқариши учун барча имкониятларни ишга солмоқда. Кутубхона, компьютер хонаси, инглиз, япон тиллари, “Моҳир қўллар”, тасвирий санъат, вокал, “Ёш пиёда”, “Янги ўйин ўргатамиз!”, “Аудит” каби қизиқарли тўгараклар фаолият олиб бораётгани болаларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Бешта эзгу ташаббус бўйича тадбир ва танловлар, мусобақалар ўтказилмоқда.

Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши тасарруфидаги “Ниҳол” болалар оромгоҳи намунали оромгоҳлардан. Бу ерда 242 нафар бола мириқиб ҳордиқ чиқармоқда.

Фарғона шаҳридаги Меҳрибонлик уйининг 114 нафар тарбияланувчиси ҳам ёзги таътил муносабати билан Қувасой шаҳри Лашкар қишлоғида жойлашган қадрдон дала-ҳовлиларига, яъни “Меҳнат-Роҳат” оромгоҳига кўчиб келди.

– Болаларга кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътиборни сўз билан ифодалаш қийин, – дейди оромгоҳ директори Ёқутхон Жаҳонова. – 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни ва муборак Ҳайит байрами арафасида Меҳрибонлик уйига ҳомийлар томонидан 8 та компьютер жамланмаси, сўнгги русумдаги уй кинотеатри, спорт анжомлари, спорт зали учун гиламлар, совутгич, бадиий китоблар ҳадя қилинди.

Болаларнинг дала-ҳовлисига кирган кишининг баҳри-дили очилади. Вилоят ҳокими кўрсатмаси билан оромгоҳда бешта айвонча қуриб битказилди. Мамлакатимизда кенг қанот ёзган бешта ташаббус намуналари ана шу айвончаларда ўтказилади. Мевали ва манзарали дарахтлар соясида мароқли ўйинлар, суҳбатлар ташкил этилади.

М.СУЛАЙМОНОВ, ЎзА
1 928