ЎзА Ўзбек

12.12.2017 18:41 Чоп этиш версияси

Фарғонада жиноятчилик камайдими?

Фарғонада Ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш Республика комиссияси ва халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 15 ноябрь куни мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқ ва вазифалардан келиб чиққан ҳолда, вилоятда жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича секторлар кесимида ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва жамоатчилик ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар муҳокама этилди.

Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликларнинг олдини олиш, уларни келтириб чиқарадиган омиллар билан курашиш, бу борада бефарқлик, лоқайдлик ҳолатларига барҳам бериш, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳар ҳафта пайшанба куни мунтазам ўтказилаётган профилактика тадбирлари ҳудудларда осойишталикни янада мустаҳкамлашда юксак самаралар бермоқда. Фарғона вилоятида ҳам бу борада аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ижроси тўлиқ таъминланмоқда.

Жорий йилнинг 11 ойида вилоятда умумий жиноятлар 19,8 фоизга, босқинчилик 23,7 фоизга, талончилик 36,5 фоизга, товламачилик 22,2 фоизга, безорилик 48,4 фоизга, фирибгарлик 21,1 фоизга камайган. Шунингдек, гуруҳлар томонидан жиноятлар содир этилиши 13,3 фоизга, аёллар жинояти 9,3, маст ҳолатдаги жиноятлар 15,8, ёшлар жинояти 14,43, ишламайдиганлар жинояти 44,4 фоизга камайишига эришилган. Айни пайтда айрим шаҳар ва туманларда жиноятнинг баъзи турлари ошиб кетишига йўл қўйилган. Масалан, Бешариқ ва Ўзбекистон туманларида ёшлар ўртасида жиноятчилик ошган. Қува туманидаги “Раста”, Фарғона туманидаги “Илғор” маҳалла фуқаролар йиғинларида жиноятчилик ўтган йилга нисбатан кескин ошганини қандай изоҳлаш мумкин?

Қўшма мажлисда давлат ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш, ҳар бир маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Видеоселектор тарзида ташкил этилган йиғилишда депутатлар, туман, шаҳар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, сиёсий партиялар вилоят кенгашлари раислари иштирок этди, шаҳар ва туман студияларида фаоллар, кенг жамоатчилик вакиллари кузатиб борди.

Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш криминоген вазиятни барқарор сақлашда муҳим аҳамият касб этади. Лекин таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, вилоятда айрим хотин-қизлар қўмиталари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, Ёшлар иттифоқи маҳаллий кенгашлари томонидан хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган ишлар талаб даражасида олиб борилмаган.

Вилоят ҳудудида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, унинг профилактикаси борасида ҳуқуқ-тартибот идоралари билан бирга маҳаллий ҳокимликлар, давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан ҳам жиддий камчиликларга йўл қўйилгани қайд этилди. Президентимиз томонидан билдирилган танқидий фикрлардан келиб чиқиб, аввало, ҳар бир оила, маҳаллада тинчлик-осойишталикни таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш, бу борада маҳалла фуқаролар йиғинлари, хотин-қизлар қўмиталари, "Нуроний" жамғармаси ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликни кучайтириш лозимлиги, секторлар раҳбарлари ўз ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш баробарида, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга ҳам масъул экани таъкидланди.

Қўшма мажлисда сектор раҳбарлари – вилоят ҳокими, вилоят прокурори, вилоят ички ишлар ҳамда давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлари юзасидан ҳисоботи эшитилди. Мазкур йўналишда қилиниши лозим бўлган аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Йиғилишда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчилари О.Муродов, Р.Комилов, Қ.Қуронбоев, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева иштирок этди.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
8 795