Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.09.2017 17:23 Чоп этиш версияси

Фарғонада “Энг намунали оила” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлимлари, бир қатор бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда шаҳар ва туман босқичларида ғолиб бўлган 18 оила иштирок этди.

Оила – жамият бутунлиги ва аҳиллигини кафолатловчи қўрғон, инсон ҳаётига тўкислик бағишловчи маскан, авлодлар давомийлигини таъминловчи муқаддас даргоҳ. Халқимизга хос юксак фазилат – оилани улуғлаш, унинг жамият ҳаётидаги, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашдаги аҳамиятини ошириш, оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижаларини тарғиб этиш, оилаларни мустаҳкамлашда кенг жамоатчиликнинг ўрнини ҳаётий мисоллар орқали кўрсатиб бериш, ибратли оилаларни рағбатлантиришда бу каби тадбирлар муҳим ўрин тутади.

Танловда оила мустаҳкамлигини таъминлаш борасидаги ҳаётий тажриба, оилада ота-она ва фарзандлар муносабати, маънавият, китобхонлик даражаси, оила аъзоларининг миллий урф-одат ва қадриятларимизни қай даражада билиши, томорқадан унумли фойдаланиш, фарзандларда меҳнат кўникмаси шакллангани, соғлом турмуш тарзига амал қилиш, маҳалла, жамоат ишларидаги фаоллиги каби жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди.

Олтиариқ туманида истиқомат қилувчи Ҳомиджон Тожибоевлар оиласи биринчи ўринни эгаллади ва танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.

– Оиланинг эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топиши жуда кўп омилларга боғлиқ, – дейди Ҳ.Тожибоев. – Турмуш ўртоғим ҳам, мен ҳам ўқитувчиликдан нафақага чиққанмиз. Бугун набиралар қуршовида шукроналик билан умргузаронлик қиляпмиз. Мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини ошириш, оилаларга алоҳида ғамхўрлик ва эътибор кўрсатиш, уларни қўллаб-қувватлаш борасидаги амалий чора-тадбирларни кундалик ҳаётимизда ҳис этиб келмоқдамиз.

Танлов доирасида “Китобсевар оила”, “Спортчи оила”, “Ишбилармон оила” “Меҳрибон қайнона”, “Аҳил оила”, “Саховатли оила”, “Ибратли келин”, “Файзли оила” номинациялари бўйича ҳам совриндорлар аниқланди.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
3 082






Все о погоде - Pogoda.uz