Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.10.2017 17:18 Чоп этиш версияси

Фарғонада дорифурушлар қўлга тушди

Миллий хавфсизлик хизмати Фарғона ва Андижон вилояти бошқармалари, Бош прокуратура ҳузуридаги солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг Фарғона вилояти бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда ноқонуний дори-дармон савдоси билан шуғулланган гуруҳ фаолияти фош этилди.

Мамлакатимизда аҳолини сифатли дори-дармон билан таъминлаш, четдан келтирилаётган тиббий воситаларни назорат қилиш ва қалбаки дори тарқалишига қарши курашиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Фарғона шаҳрида яшовчи Х.М. Фарғона туманида истиқомат қилувчи синглиси М.Д. билан “L-лизина эсцинат” (50 дона) дори воситасини 1 миллион 250 минг сўмга сотаётганда далилий ашёлар билан қўлга олинди. Х.М.нинг хонадонида ўтказилган тинтув чоғида 500 миллион сўмлик 100 хилдан ортиқ сохта дори-дармон, 16 миллион сўм, 370 АҚШ доллари ва 2 минг 500 рубль топилди. Андижон ва Фарғона вилоятидаги дорихоналар ва мижозлар ёзилган 10 дона дафтар ҳам ашёвий далил сифатида олинди.

Қидирув ва суриштирув ишлари давомида бу ноқонуний дори-дармонлар савдоси билан шуғулланишга, сохта дори-дармон ишлаб чиқаришга ёрдам берган шахслар, уларнинг сотувида ҳамкорлик қилган дорихоналар ҳам аниқланди.

Қўқон шаҳрида яшовчи фуқаро М.М.нинг хонадонидан жуда кўп миқдорда “L-лизина эсцинат”, “тиоцетам”, “медокалм”, “ретаболил”, “титрозолин” ва бошқа дори-дармонлар, шунингдек, турли йўриқномалар, қути ва ампулалар топилди. Ушбу шаҳарда яшовчи М.И.нинг хонадонида 75 дона “автовегин” дори-дармон қўллаш усули, 36 дона турли дори-дармон қутиси ва елим борлиги аниқланди.

Ўтказилган тадбир давомида Фарғона шаҳридаги “Малҳам”, “777”, “Ойнур грант фарм”, Қўқон шаҳридаги “Доктор Хаус”, Қува туманидаги “Интер-фарма” дорихоналаридан сохта ва сертификатсиз дори-дармонлар топилди. Жумладан, “Интер-фарма” дорихонасидан Қозоғистонда ишлаб чиқарилган, сертификатсиз 2 турдаги дори воситаси, “Доктор Хаус” дорихонасидан 720 дона “синадексин” ва 100 ампула “аллохол” дори воситалари далилий ашё сифатида олинди.

Айни кунларда мазкур жиноий гуруҳ раҳбари Х.М. ва унинг турмуш ўртоғи, врач-уролог А.И. қўлга олинган, тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
2 876






Все о погоде - Pogoda.uz