Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.02.2018 18:18 Чоп этиш версияси

Фарғонада балиқчиликни ривожлантириш борасида янги тажриба самара бермоқда

Фарғона вилоятида ўтган йили балиқчиликни ривожлантириш борасида 35 лойиҳа амалга оширилиб, жами 312 гектарлик кўллар ташкил этилди.

Мамлакатимизда балиқчилик хўжаликларини ривожлантириш, аҳолини арзон балиқ маҳсулотлари билан таъминлаш борасида қатор дастурлар изчил амалга ошириб келинмоқда. Президентимизнинг жорий йил 3 февралдаги “2018 йилда балиқ маҳсулотларини етиштириш ҳажмларини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.

Фарғона вилоятида ҳам бу йўналишда аниқ тадбирлар белгиланган. Жаҳон тажрибасида илм-фан ютуқларидан самарали фойдаланиб, садок усули – тўр қафасда балиқ боқишни амалиётга кенг жорий этиш кўп тармоқли ва сердаромад бизнес сифатида эътироф этилади. Шу боис, вилоят табиий сув ҳавзаларида ана шундай усулда балиқ парваришлашни ривожлантириш ва рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу борада вилоят ҳокимлиги томонидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар дастури доирасида Ёзёвон тумани табиий сув ҳавзаларида садок усулида балиқ парваришлаш ўз самарасини бермоқда. “Фарғонабалиқсаноат” масъулияти чекланган жамияти биринчилардан бўлиб бу усулда балиқ етиштиришни йўлга қўйди ҳамда уч йил ичида катта ютуқларга эришди. Жамиятда дастлаб 40 тўр қафасда балиқ боқиш бошланган эди. Ҳозирги кунда садоклар сони 200 тага етди, яқин келажакда эса 500 тага етказилиши режалаштирилмоқда.

Жамият томонидан 2017 йилнинг охирги уч ойида харидорларга 250 тонна сазан балиғи етказиб берилган бўлса, шу кунларда яна 100 тоннаси тарқатилади. Балиқ Фарғона водийсидан ташқари Тошкент, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларига ҳам сотилмоқда. Тажриба тариқасида яқинда 1 тонна балиқ Қирғизистонга экспорт қилинди. Айни кунларда қўшни республика бозорини кенгроқ эгаллаш мақсадида маркетинг ишлари олиб борилмоқда.

Тармоқнинг озуқа таъминотини маҳаллийлаштириш учун Ёзёвонда хитойлик шериклар билан ҳамкорликда кичик корхона ташкил этилиб, юртимизда кўп боқиладиган сазан, оқ амур, дўнгпешона балиқ турлари учун соатига 4-8 тоннагача интенсив усулда омихта ем тайёрлаш йўлга қўйилди. Қўқон механика заводида эса, садок тўр қафаслари тайёрланмоқда. Яқин вақтлар ичида соҳа ривожи учун зарур бўладиган барча асосий ва ёрдамчи воситаларни ўзимизда ишлаб чиқаришга эришиш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Тиғиз мавсумда 30 тагача иш ўрни яратиладиган хўжаликда ҳозирги кунда балиқ озуқасининг 30 фоизи табиий усулда бўлишини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Қиш мавсумида ҳам ҳеч бир қийинчиликсиз боқиладиган форель сингари балиқ турларини кўпайтириш, балиқ маҳсулотларини саноат усулида қайта ишлаш орқали хорижга экспорт қилиш галдаги устувор вазифалар сирасига киритилган.

– Ўзаро тажриба алмашиш мақсадида 2013 ва 2017 йилларда Вьетнамга бориб келдим, – дейди “Фарғонабалиқсаноат” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Баҳодир Тешабоев. – Садок усулида балиқ боқиш тажрибасини оммалаштириш учун ўзимизда ҳам барча шароит етарли. Агар инновацион ғоялар ва интенсив технологияларни амалиётга кенг жорий этсак, табиий ширин таъми туфайли юртимизда етиштирилган балиқ маҳсулотлари жаҳон бозорида Вьетнамникидан ҳам харидоргир бўлади. Бу эса вилоятимизда садок усулида балиқ етиштириш нақадар истиқболли эканидан далолатдир.

Айни кунларда мазкур жамият негизида вилоят ҳокимлиги кўмагида экотуризмни ривожлантириш имкониятлари ўрганилмоқда. Шу мақсадда Ёзёвон табиий сув ҳавзаларида экосайёҳлик маршрутлари “Йўл харитаси” ишлаб чиқилади. Миллий қадрият ва анъаналаримиз асосида табиий мувозанат бузилмаган экологик тоза ҳудудларда ҳордиқ чиқариш масканлари, кўнгилочар сайр-томошалар ташкил этилади. Шу маънода, садок усулида балиқ етиштириш ҳам сердаромад, ҳам ички ва ташқи туризмни ривожлантириш учун муҳим тармоқлардан бири эканига асло шубҳа йўқ.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
14 482