Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.09.2017 15:23 Чоп этиш версияси

“Фарғона водийсида чиқиндиларни комплекс бошқариш кластери ташкил этиш” лойиҳасига 96 миллион доллар маблағ сарфланади

Фарғона вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳузуридаги “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси экология ва санитария муҳитини яхшилаш йўлида самарали фаолият кўрсатмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 21 апрелдаги "Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги фармони ҳамда "2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Статистик маълумотларга кўра, ҳозирги кунда вилоятда кунига ўртача 3,5 минг тонна, бир ойда 105 минг тонна, бир йилда 1 миллион 260 минг тонна атрофида маиший чиқинди ҳосил бўлади. Шу билан бирга, вилоят ҳудудида чиқиндилар тўпланадиган 12 та ноқонуний жой мавжуд.

Шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳузуридаги ободонлаштириш бошқармаларида чиқиндиларни олиб кетиш бўйича хизмат кўрсатувчи участкалар негизида "Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси филиаллари фаолияти йўлга қўйилгани тизимдаги кўплаб муаммоларни бартараф этишга хизмат қилмоқда.

– Бу борада махсус “йўл харитаси” тузилиб, иш жараёнини замонавий мезонлар бўйича ривожлантириш чора-тадбирлари белгиланди, – дейди вилоят “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси директори вазифасини бажарувчи Э.Абдуллаев. – Жумладан, қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш режа-жадвали тузилди, махсус полигонлар ҳолатини яхшилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди. Шаҳар ва туманларда экологик ҳашар ташкил этилиб, ҳудудларнинг санитария ҳолатини яхшилаш йўлида амалий самараларга эришилмоқда.

Вилоятда чиқиндиларни саралаш, қайта ишлаш ва улардан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш тизимини 2017-2020 йиллар давомида такомиллаштириш мақсадида йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. “Фарғона водийсида чиқиндиларни комплекс бошқариш кластери ташкил этиш” лойиҳасига 96 миллион доллар маблағ сарфланади.

“Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси ушбу қўшма корхона улушига эга бўлиб, корхона ишга туширилганида чиқиндиларни йиғиш тизими тўлиқ автоматлаштирилади. Чиқиндиларни олиб чиқиш, ташиш ишлари такомиллаштирилади. Натижада барча аҳоли яшаш ҳудудлари автоматлаштирилган контейнерлар билан таъминланади. Пресслаш ускуналари ва GPS мониторинг тизими ҳисобига умумий харажатлар 20 фоизга қисқаради. Ахлат тўпланадиган жойларда эстетик кўриниш вужудга келади, йўналишлардаги транспорт харажатлари 80 фоизгача қисқариб, янги полигонлар ташкил этиш зарурати йўқолади, зарарли моддаларни ташлаб юбориш 50 фоизга камаяди. Энг асосийси, лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиши билан 2 мингга яқин иш ўрни яратилади.

Давлатимиз раҳбари жорий йил 22-23 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида мазкур лойиҳа тақдимоти билан танишиб, уни такомиллаштириш бўйича тавсиялар берган эди. Айни пайтда мазкур йўналишда аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Мазкур йирик лойиҳани амалга ошириш мақсадида вилоятнинг 8 туманидан ер майдонлари танланди ва улар мутасадди ташкилотлар томонидан ўрганилиб, корхона барпо этиш учун таклифлар берилди. Ушбу ер майдонларининг инсон саломатлиги, атроф-муҳит ва ер ости сув йўлларига таъсири тегишли ташкилотлар томонидан ўрганилди. Лойиҳани амалга ошириш ишлари қизғин давом этмоқда.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
2 116






Все о погоде - Pogoda.uz