Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.03.2017 15:14 Чоп этиш версияси

Фарғона вилоятининг шаҳар ва туманларида байрам сайллари бошланди

Фарғона вилоятининг шаҳар ва туманларида байрам сайллари бошланди Баҳорнинг ёқимли тафти дилларимизга ҳузур бағишлаётган шу кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида яшариш ва янгиланиш айёми Наврўзи олам катта шоду хуррамлик билан нишонланмоқда.

Наврўз – ўзининг маъно-мазмуни ва фалсафаси билан ҳаётимизга жо бўлган яшариш ва янгиланиш палласи, шарқона Янги йил дебочаси. Ушбу айёмни халқимиз ҳар йили кўтаринки руҳда, катта шодиёна билан нишонлайди.

Кейинги беш йилда Фарғона вилоятида ялпи ҳудудий маҳсулот 1,6 баробар ўсиб, бунда саноатнинг улуши 23,6 фоиздан 27,5 фоизга етди. Саноат маҳсулотларининг 96 фоиздан ортиғи кимё, нефть-кимё, енгил саноат, озиқ-овқат саноати, машинасозлик ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби замонавий тармоқлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи, “Автоойна”, Қўқон механика заводи, “ДЭУ текстиль Фарғона”, “Қўқон Индорама текстиль” каби йирик ишлаб чиқариш қувватлари нафақат вилоят, балки бутун мамлакатимиз иқтисодиётида алоҳида ўрин тутади.

Уй-жой қурилиши, таълим, тиббиёт, маданият, санъат ва бошқа ижтимоий соҳаларда ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, инсон манфаатларига хизмат қилмоқда. Шаҳар ва туманлар, қишлоқлар янада чирой очиб, аҳоли турмуш фаровонлиги муттасил юксалмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 28 февралдаги "2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ бу йил Наврўзи олам барча қишлоқ, туман ва шаҳарларда умумхалқ сайли сифатида юқори савияда нишонланиши асл миллий байрамимизни янги мазмун билан бойитди.

Вилоятнинг чекка ҳудудлари – Сўх, Бешариқ, Ёзёвон ва Данғара туманларида ҳам Наврўзи олам кенг нишонланмоқда. Таниқли олимлар, шоир ва ёзувчилар, маданият ва санъат намояндалари, маънавият тарғиботчиларидан иборат тарғибот гуруҳлари иштирокида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилаяпти.

– Наврўз келиши билан юртимиз ажиб тароват касб этади, одамлар юз-кўзида баҳорий кайфият уфуриб, табиатда ҳам, одамлар қалбида ҳам яшариш, яшнатиш туйғуси жўш уради, – дейди “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Топволди Холдоров. – Шунинг учун ҳам бу айёмни халқимиз кўтаринки кайфиятда эзгу амаллар билан қарши олишга ошиқади. Шунга монанд биз ҳам кекса отахону онахонлар ҳолидан хабар олиб, кўнгилларини овламоқдамиз. Сайл баҳона бир пиёла чой устида дилдан суҳбатлар уюштираяпмиз.

Қувасой шаҳридаги “Камолот” боғида бўлиб ўтган сайл ҳам барчага бир олам қувонч улашди. Маданият ва дам олиш масканлари қошидаги ашула ва рақс халқ ансамбллари, фольклор-этнографик ва турли бадиий жамоалар, таниқли эстрада хонандалари ижросидаги куй-қўшиқлар, ўлану лапарлар, аския ва рақслар барчада катта таассурот қолдирди. Дорбозларнинг чиқишлари, дошқозонларда пиширилган сумалак, ташкил этилган турли кўргазмалар иштирокчиларга хушнудлик улашди. Момоларнинг чилдирма жарангига мос лапарларига келинлардан тортиб, жамалаксоч қизларгача рақсга тушди.

– Шаҳримиздаги саноат касб-ҳунар коллежини тамомлаб, “Дунё пишириқлари” оилавий корхонаси ташкил этдим, – дейди Дилафрўз Ҳабибуллаева. – Бугунги сайлда оилавий корхонамизда тайёрланаётган пишириқлар билан иштирок этмоқдамиз. Турли кўкатлардан тайёрлаган пишириқлар сайлга келганларга манзур бўлаётганидан хурсандмиз.

Шаҳарнинг қўшни давлат билан чегара ҳудудида жойлашган “Полмон”, “Найман”, “Боғбон”, “Ҳамдўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳам сумалак пиширилиб, ҳудуднинг ўзига хос Наврўз удумлари асосида кенг нишонланди. Айниқса, “Келин салом”, “Ёр-ёр”, “Оқ теракми, кўк терак” каби маросим ва миллий ўйинларда томошабинлар кўп бўлди.

Биринчи Президентимизнинг миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, тиклаш ва бойитиш йўлидаги бемисл жасорати туфайли деярли унут бўлиб кетиш арафасига келиб қолган кўплаб анъана ва маросимларимиз қатори Наврўз ҳам чин маънода эъзоз топди. Ўтган йилларда халқимизнинг Наврўз билан боғлиқ барча қадимий қадриятлари нафақат асл қиёфасига қайтди, балки мазмунан бойиди, эзгулик билан йўғрилган янги қирралари янада сайқал топди. Кўпкари, кураш каби миллий ўйинларимиз, арғимчоқ учиш, варрак учириш, қўчқор уриштириш анъаналари, фольклор-этнографик жамоаларнинг чиқишлари, лапар, ўлан, алла оҳанглари, қўли гул ҳунармандлар ясаган ранг-баранг амалий санъат намуналари, дорбоз, аскиячи ва қизиқчиларнинг томошалари, маҳалла-кўй ободлиги, оилалар фаровонлиги, эҳтиёжмандларга хайр-саховат кўрсатиш билан боғлиқ удумларнинг янгича талқинлари бу байрамга янада ўзгача файз бағишламоқда.

– Ёшим 82 да, – дейди сўхлик Боборустам Мастонов. – Не кунларни кўрмадик. Наврўз тақиқланган вақтлар ҳам бўлди. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам, қон-қонимизга, суяк-суягимизга сингиб кетган, вужудимизга қувват, руҳимизга тетиклик бағишлайдиган, қалбимизни яшаш ва яшариш туйғуси билан руҳлантирадиган Наврўзни халқимиз унутмади.

Сўх туманида Наврўзи оламга катта шоду хуррамлик билан пухта тайёргарлик кўрилди. Кўча ва хиёбонлар, ҳовли-жойлар байрамона безатилиб, аҳоли учун савдо ярмаркалари ташкил этилмоқда. Бунда озиқ-овқат маҳсулотлари, мева-сабзавот, гўшт, тухум, турли ширинлик ва пишириқлар мўл-кўллиги, арзон бўлишига алоҳида эътибор қаратилаётир. Тумандаги тўрт қишлоқ ва йигирма икки маҳалла фуқаролар йиғинининг барчасида байрам тадбирлари ўтказилмоқда.

Сўхда Наврўз байрами асосан қиру адирлар, кенг яйловлар бағрида ўтади. Ёши улуғлар Наврўзга етказганига шукроналар айтиб, “Омонлик, омонлик – ҳеч кўрмайлик ёмонлик”, дея ният қилади.

Байрам шодиёналарига бадиий жамоалар ҳам қизғин ҳозирлик кўрди.

– Ансамблимиз репертуарида баҳорни, Наврўзни тараннум этувчи халқона куй-қўшиқлар кўп, – дейди “Сўх чашмаси” фольклор-этнографик ансамбли бадиий раҳбари Тожибой Юсупов. – Туман, вилоят миқёсида ташкил этиладиган байрам шодиёналари, тадбир ва тантаналар ансамблимиз иштирокисиз ўтмайди. Турли ёшдаги ҳаваскор ижрочилардан иборат ижодий жамоамиз сўлим фаслга, қадимий ва навқирон Наврўзга бағишлаб “Сумалак“, “Эй, санам”, “Наврўз муборак!”, “Сарак-сарак”, “Чол келди” сингари қўшиқ ва рақслар тайёрлади.

Равон қишлоғида бўлиб ўтган умумхалқ сайли кўпкари, тош кўтариш, арқон тортиш сингари миллий ўйинлар, турли ижодий кўрик-танловлар, спорт мусобақаларига уланиб кетди. Беморлар, кам таъминланган оилалар, ўзгалар кўмагига муҳтож кишилар ҳолидан хабар олиниб, байрам совғалари топширилди.

Фарғона вилоятининг барча туман ва қишлоқларида Наврўз сайли давом этмоқда.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
3 485






Все о погоде - Pogoda.uz