Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.09.2017 16:59 Чоп этиш версияси

Фарғона туманида “Шифобахш Чимён” санаторияси фойдаланишга топширилди

Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг дам олиш шароитларини яхшилашга қаратилаётган доимий эътибор курорт-санаторий тармоқларини янада кенгайтириш, хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини оширишда юксак самаралар бермоқда. Янги бунёд этилган мазкур санатория ҳам бу йўналишдаги эзгу ишлардан биридир.

Қишлоқдаги бўш турган бино ноль қийматда тадбиркор Абдужалил Мамадиевга берилиб, бу ерга уч миллиард сўмга яқин инвестиция йўналтирилди. Замонавий тарзда қурилган сиҳатгоҳда 55 янги иш ўрни яратилди.

Чимён қишлоғи Олой тоғ тизмасининг Қатронтоғ этакларида, денгиз сатҳидан 700 метр баландликда жойлашган, баҳаво табиати ва ўзига хос иқлими билан ажралиб туради. Бу ердаги олтингугуртли минерал сув кўпгина касалликларга шифо бўлиши билан юртимизда машҳур. Айни кунларда бу ерда кўплаб сиҳатгоҳлар фаолият кўрсатиб келмоқда. Мазкур сиҳатгоҳнинг ишга тушиши билан улар сони яна биттага кўпайди.

Асаб тизими, ҳаракат-таянч, ошқозон-ичак касалликларини даволашга ихтисослашган 74 ўринли сиҳатгоҳда шифобахш сув билан даволанилади. Ётоқхона, дам олиш, муолажа хоналарида даволанувчилар учун барча шароит яратилган. Муассаса ҳудудининг хушманзаралиги, турли спорт майдончалари дам олувчиларнинг вақтини мазмунли ўтказишга хизмат қилади.

– Бу ердаги шароитларни кўриб дилингиз яйрайди, – дейди меҳнат фахрийси Ҳусан Қамбаров. – Мазкур сиҳатгоҳ халқимиз учун катта туҳфа бўлди. Кўплаб юртдошларимиз бу ерда дам олиб, соғлиғини тиклайди.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
2 071






Все о погоде - Pogoda.uz