Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.09.2017 18:32 Чоп этиш версияси

Фарғона вилоятининг бир қатор туманларида уй-жойга эҳтиёжманд оилаларга янги уйлар топширилди

Фарғона вилоятида ҳам уй-жойга муҳтож, имконияти чекланган фуқаролар янгиланган намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилган уй-жойлар билан таъминланмоқда.

Орамизда шундай инсонлар ҳам борки, жисмоний имконияти чеклангани боис ўз уйига эга бўлишни бир умр орзу қилиб яшайди. Президентимиз ташаббуси билан шундай инсонларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, кам таъминланган оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор эҳтиёжманд юртдошларимиз ҳаётига чинакам қувонч олиб кирмоқда, одамларда давлатга, эртанги кунга ишонч туйғусини мустаҳкамламоқда.

Фарғона вилоятининг бир қатор туманларида ҳам уй-жойга эҳтиёжманд оилаларга янги уйларни топшириш тадбирлари бўлиб ўтди.

Шинам, бир оила бекаму кўст яшаши учун барча шароит муҳайё этилган уйга кўчиб ўтган, ҳовли тўйини қилиб, қувончини эл билан бўлишганлардан бири бағдодлик Дилбар Алижоновадир.

– Бугунги хурсандлигимни сўз билан ифодалаб беролмайман, – дейди Дилбар. – Тўғри, ўз уйим бўлишини орзу қилардим, лекин бунақасини хаёлимга ҳам келтирмаганман. Бахтиёр ҳаёт кечириш учун барча замонавий шароит муҳайё. Фақат ишла, элга наф келтир, бахтиёр яша! Орзуларимизни рўёбга чиқараётган давлатимиз раҳбаридан, яхши инсонлардан миннатдормиз.

Уй топшириш маросимлари Олтиариқ туманида ҳам кўтаринки руҳда ўтди. Туман ҳокимлиги ва фаоллари иштирокида ўтган тадбирда мамлакатимизда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмаслиги, ижтимоий ҳимоя давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан экани таъкидланди.

– Мустақиллик берган имкониятлар туфайли мамлакатимизда инсон манфаатларига, халқимиз тинчлиги ва фаровонлигига хизмат қиладиган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – дейди Содиқ Рустамов. – Турмуш ўртоғим Гулнозахон билан янги хонадонга кўчиб ўтдик. Бу ердаги шароитлардан барчамизнинг қувончимиз чексиз.

Уливер Фозилова – I гуруҳ ногирони. Ёлғиз фарзандини ўзи тарбиялаб келмоқда. У 15 йилдан буён онасининг 3 хонали уйида акаси, келинойиси билан истиқомат қиларди. Шу куни Бешариқ туманида янгиланган намунавий лойиҳалар асосида қуриб битказилган икки қаватли уйдан 3 хонали хонадон калити унга тантанали равишда топширилди.

– Қизим янги уйга кўчиб ўтганидан қалбим чексиз қувончга тўлди, – дейди унинг онаси Айша Дугон. – Яқинда берилган тикув машинасида 4 ярим миллион сўмлик этак тикди. Давлатимизнинг ўз фуқароларига меҳрибонлиги, ғамхўрлигини қаранг-ки, уйнинг дастлабки 16 миллион сўми Президентимиз томонидан тўлаб берилди. Бунинг учун Яратганга беҳисоб шукроналар айтамиз.

Данғаралик Ғофуровлар имконияти чекланган бўлишига қарамай, оилавий касаначилик билан шуғулланишади. Қундузхон II гуруҳ, турмуш ўртоғи Саиджон III гуруҳ ногирони. Оилага вилоят ҳокимлиги томонидан берилган тикув машинасида уй пардалари, рўзғор буюмлари тикиб, даромад топмоқда. Буюртмалар кун сайин кўпайиб бораётганидан хурсанд.

Данғара туманининг Навбаҳор маҳалласида қуриб битказилган 2 қаватли, 16 хонадондан иборат арзон уйларни эгаларига топшириш маросими ҳақиқий шодиёнага айланди. Хонадон соҳибларига калитлар топширилди.

– Давлатимизнинг эътиборга муҳтож қалбларга қувонч, ҳаётига умид туйғуларини улашаётганидан бутун халқимиз мамнун, – дейди “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Олияхон Отақўзиева. – Янги хонадонлар топширилиши билан бирга, вилоят ҳокимлиги томонидан гилам ва уй-рўзғор буюмларидан иборат жамланма, ётоқхона мебеллари ҳам тортиқ этилди. Бу одамларнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамламоқда.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
3 413






Все о погоде - Pogoda.uz