ЎзА Ўзбек

19.06.2018 17:27 Чоп этиш версияси

Фарғона вилояти шаҳар ва туманлари тиббиёт муассасаларида "Аёллар маслаҳатхонаси" ташкил этилди

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, саломатлигини мустаҳкамлаш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Хотин-қизларнинг репродуктив саломатлигини таъминлаш, қизлар ва фертиль ёшдаги аёлларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам хизмати сифатини ошириш долзарб вазифалардан биридир. Ҳар йили мамлакатимизда 95 фоиз ҳомиладор аёллар перинатал скрининг текширувидан ўтказилса-да, натижаси амалда сезилмаяпти. Шу боис оилавий поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктларида "Аёллар маслаҳатхонаси" ташкил этилаётир.

Вилоятдаги 19 марказий, 26 шаҳар оилавий ҳамда 88 қишлоқ оилавий поликлиникалари, 62 қишлоқ врачлик пункти қошида ўсмир қизлар ва фертиль ёшдаги аёллар учун "Аёллар маслаҳатхонаси" ташкил этилди. Бу ерда хотин-қизларга тиббий, ижтимоий, психологик ёрдам кўрсатиш учун барча шароит яратилган.

– Маслаҳат марказларида эрта турмуш ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш, оила қуришни режалаштириш, туғруқлар ўртасидаги даврни узайтириш юзасидан тиббий ва ижтимоий-психологик нуқтаи назардан илмий асосланган маслаҳатлар берилмоқда, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Одилжон Умаров. – Вилоятда ташкил этилган 195 "Аёллар маслаҳатхонаси"да бугунги кунга қадар ҳудуддаги 951 минг нафарга яқин хотин-кизларнинг 149 минг нафардан зиёди, жумладан, 23 мингдан ортиқ ўсмир қизлар қабул қилиниб, уларнинг тиббий ҳолатидан келиб чиқиб, керакли маслаҳатлар берилди. Ушбу масканларнинг самарали фаолияти келгусида аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ўртасида тиббий маданиятнинг яхшиланиши ва соғлом турмуш тарзининг барқарорлашувига хизмат қилади. 

Айни кунларда вилоятдаги барча "Аёллар маслаҳатхонаси" зарур тиббий жиҳозлар билан таъминланмоқда. Яқин кунларда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида туну кун фаолият кўрсатувчи тезкор алоқа тармоғи ишга туширилади.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
3 690