Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

22.11.2017 15:51 Чоп этиш версияси

Фарғона шаҳрида 7 қаватли бешта турар жой биноси фойдаланишга топширилди

Фарғона шаҳрида 7 қаватли бешта турар жой биноси фойдаланишга топширилди Мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлаш, аҳолининг муносиб турмуш кечириши учун замонавий шароит яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг 2016 йил 22 ноябрдаги “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида бунёд этилаётган уй-жойлар ҳам ана шу ишларнинг амалий самарасидир.

Фарғона вилоятида кўп қаватли турар жойлар барпо этиш, хизмат кўрсатиш ва қулай инфратузилмани шакллантириш бўйича ишлаб чиқилган янги лойиҳалар ҳисобига аҳолининг турмуш даражаси янада яхшиланмоқда.

1 (1).JPG

Вилоят марказидаги собиқ “Фуран кимё бирикмалари” ва “Фарғонагазаппарат” заводлари ўрнида Мустақиллик шаҳарчасини барпо этиш ишлари қизғин олиб борилаётир. Нурафшон кўчасида ана шундай замонавий уй-жойлар фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган маросим катта шодиёнага айланди. Тадбирда сўзга чиққанлар шаҳар ва қишлоқларда бунёд этилаётган замонавий турар жойлар, уларда яратилган шароит ва қулайликлар, инфратузилма тармоқлари одамларда бугунидан шукроналик ва эртанги кунга ишонч туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани таъкидланди.

“Yangi zamon binosi” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан бунёд этилган уй-жойларда яратилган шароит ва қулайликлардан хонадон соҳибларининг қувончи чексиз.

5.JPG

– Шундай кўркам ва замонавий турар жойда яшашни орзу қилардик, – дейди янги уй соҳибларидан бири Зиёдбек Абдуллаев. – Ниятимиз холис экан, бугун орзуларимиз ушалиб, уч хонали уйга кўчиб ўтдик. Узоқ муддатли имтиёзли кредит, бу ерда яратилган қулайликлар бизни беҳад қувонтирмоқда. Бундай эътибор учун Президентимиздан миннатдормиз.

Амалга оширилаётган бундай кенг кўламли бунёдкорлик ишлари шаҳар аҳлининг турмуш шароитини яхшилаб, дунёқараши ва ҳаётга муносабатини тубдан ўзгартирмоқда. Ичимлик суви, канализация тизими, табиий газ, қўйингки, инсон бахтиёр яшаши учун нимаики зарур бўлса, барчаси муҳайё қилинган.

Қува туманилик Абдураҳмон ака Мансуров ҳам ўғли Ҳикматиллонинг янги уйини қутлагани келиб, шароитлардан кўнгли тоғдек кўтарилди. Дуога қўл очиб, юртимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик тилади.

– Ўғлим ва келиним анчадан буён янги уй олиш ниятида эди, – дейди А.Мансуров. – Бу уйлар арзон ва шинамлиги билан маъқул бўлди. Ўзим ҳам ишонмаган эдим. Бугун ўз кўзим билан кўриб, ҳавас қиляпман. Уч неварам ҳам албатта бундай шароитларда соғлом ва баркамол бўлиб вояга етади.

Жойларда намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури амалга оширилаётгани аҳолининг турмуш шароитини янада яхшилаш ва ҳудудлар қиёфасини тубдан ўзгартиришга хизмат қилмоқда. Айниқса, имтиёзли кредитлаш тизими ёш оилаларга арзон уй-жойга эга бўлиш, бахтли ва фаровон ҳаёт кечириш учун катта имконият яратмоқда.

Бундай эзгу ишларни давом эттириш мақсадида 2018 йилги дастур асосида мазкур ҳудудда яна 10 та 7 қаватли уй қурилиши режалаштирилган.

Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев сўзга чиқди.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
5 802