Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.08.2017 17:23 Чоп этиш версияси

Фаол ва ташаббускор қайноналар

“Адолатли қайнона” кўрик-танловининг Тошкент вилояти босқичида Чирчиқ шаҳридан Роҳила Ёрлақаева ғолиб бўлди.

– Ҳар қандай она оиласи аҳил, тинч-хотиржам ва фарзанду набиралари бахтиёр ҳаёт кечиришини истайди, – дейди Р.Ёрлақаева. – Бунда қайноналарнинг ўрни алоҳида. Улар катта орзу-умидлар билан хонадонга келин бўлиб тушган ёш қизларни ўз фарзандидек қабул қилиши, билмаганини ётиғи билан ўргатиши, ҳар қандай вазиятда ҳам оғир, вазмин бўлиши лозим. Айнан шундай анъаналарни қадрловчи, бой ҳаётий тажрибага эга, зиёли, кайвони онахонлар ва фаол аёллар қаторида танловда қатнашганимдан хурсандман.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси вилоят кенгаши, вилоят хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган танловда қайноналарнинг маҳалла ва жамоат ишларидаги иштироки, ташаббускорлиги, фаолиятида эришган ютуқлари, сиёсий билими, оилавий қадриятлар, қайнона-келин муносабатлари, фарзанд тарбияси бўйича тажрибаси баҳоланди.

Ана шу мезонлар асосида вилоятда энг намунали деб топилган 12 қайнона ўзаро баҳслашди. Юқори Чирчиқ туманидан Мукаррам Мадиёрова иккинчи, Бекобод туманидан Ўғилой Холматова учинчи ўринга муносиб кўрилди.

Юзларидан нур ёғилиб турган онахонлар томонидан куйланган қўшиқ, лапар ва ўланлар тадбирга янада файз бағишлади.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
2 451






Все о погоде - Pogoda.uz